АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг сўнгги матбуот анжуманида савол беришга уринган ва танқидий фикр билдирган икки нафар ОАВ ходими, хусусан, журналит Сэм Ҳусайний залдан куч билан олиб чиқиб кетилди. Бу ҳолатни «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти қоралади.
«Журналистларга бундай муносабат ҳар қандай ҳукумат учун номақбул ҳол бўлмоғи ва бошқа такрорланмаслиги лозим. Ҳусайний ўз касбий фаолиятини бирор бир тўсқинликсиз бажаришга ҳақли», – дейилади халқаро ташкилот баёнотида.
Ваколат муддати тугаётган Байден маъмуриятининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Энтони Блинкен ўтказган сўнгги матбуот анжуманида америкалик журналист Сэм Ҳусайний Ғазо секторида геноцид рўй бераётгани ва бунинг учун Блинкен суд қаршисида жавоб бериши кераклигини айтган.
BBC чоп этган видеолавҳада журналист савол беришга уринар экан, уч нафар полицияни уни куч билан олиб чиқиб кетганини кўриш мумкин.
«Мени зўрлик билан олиб чиқиб кетишяпти. Сиз эса сўз эркинлиги ҳақида гапирасиз. Amnesty International ҳам, Халқаро жиноят суди ҳам Исроил геноцид ва хунрезлик жиноятларини содир этаётгани ҳақида гапирмоқда. Бунинг учун сиз ҳам айбдорсиз. Нега Ҳаагада (Халқаро жиноят суди жойлашган шаҳар назарда тутилмоқда – таҳр.) эмассиз?» – деб бақиради журналист давлат котибига қарата.
Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлари мобайнида минглаб тинч аҳоли вакиллари ўлдирилганидан дарғазаб бўлган журналист Макс Блюменталь ҳам май ойида тинчлик битими ташаббусидан кейин ҳам бомба ёмғири тўхтамагани учун Блинкенни айблаб фикр айтган. У ҳам брифинг залидан мажбуран олиб чиқиб кетилган.
Исроил 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирганидан кейин 46800 дан зиёд фаластинлик (уларнинг катта қисми болалар ва аёллар) ҳалок бўлди, яна 110 мингдан зиёди жароҳатланди.
19 январдан Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга доир битим кучга кирди.
Қайд этиш жоизки, АҚШ Исроилни ҳам дипломатик, ҳам иқтисодий, ҳам ҳарбий жабҳада яқиндан қўллаб-қувватлаб келмоқда. Жумладан, Вашингтон Тель-Авив катта миқдорда қурол-аслаҳа етказиб бермоқда.
АҚШ Халқаро жиноят суди ҳибсга олиш ҳақида ордер берган Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни ҳимоя қилиш учун ҳатто ўз қадриятларига қарши бўлган чораларга ҳам киришган.
Байден маъмуриятининг Исроилни сўзсиз қўллаб-қувватлагани ва қуроллантиргани халқаро ҳамжамиятнинг эътирозига сабаб бўлди. Трамп маъмурияти келиши ортидан истеъфога чиққан Блинкен бундан аввал ҳам расмий ва норасмий мажлисларда фаолларнинг танқидий чиқишларига нишон бўлган.