«Суғурталовчилар рейтингини аниқлаш ва юритиш тартиби тўғрисида»ги низом Адлия вазирлигида 20 январь куни давлат рўйхатидан ўтказилди.
Низом суғурталовчи ёки қайта суғурталовчиларнинг суғурта хизматлари кўрсатилиши сифати бўйича рейтингини аниқлаш ва юритиш тартибини белгилайди.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги мазкур соҳада ваколатли давлат органидир.
Рейтинг агентликнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида шакллантирилади ва расмий веб-сайтида ҳар ойнинг 10 санасида янгиланган ҳолда эълон қилиб борилади.
Суғурталовчи қуйидаги кўрсаткичлар асосида даврийликда баҳоланади:
- умумий кўрсаткичлар;
- балларни камайтирувчи кўрсаткичлар;
- қўшимча балл берувчи кўрсаткичлар.
Баҳолаш кўрсаткичлари ва унга берилган баллар тўғрисидаги маълумотлар суғурталовчининг Ягона тизимдаги шахсий кабинетида реал вақт режимида акс эттирилади. Баҳолаш кўрсаткичлари ўзгарган тақдирда, суғурталовчининг шахсий кабинетидаги маълумотлар янгиланади.
Баҳолаш кўрсаткичларини шакллантириш учун ваколатли давлат органи зарур бўлган маълумотларни суғурталовчилардан олиш ваколатига эга. Зарур маълумотлар тақдим этилмаганда, суғурталовчининг тегишли кўрсаткичлари баҳоланмайди.
Рейтинг маълумотлари бўйича суғурталовчининг эътирозлари мавжуд бўлганда, ўз шахсий кабинети орқали ваколатли давлат органига мурожаат қилади.
Суғурталовчи томонидан баҳолаш кўрсаткичи юзасидан билдирилган эътирозлар тақдим этилган кундан бошлаб ваколатли давлат органи томонидан беш иш куни ичида кўриб чиқилади. Бунда:
- эътирозлар асосли деб топилганда, маълумотлар базасига тегишли тузатишлар киритилган ҳолда баҳолаш кўрсаткичи қайта шакллантирилади;
- эътирозлар асоссиз деб топилганда, баҳолаш кўрсаткичлари ўзгаришсиз қолдирилиб, бу ҳақда тегишли тушунтириш суғурталовчининг шахсий кабинетига юборилади.
Низомда белгиланган масалалар бўйича низолар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади. Рейтинг ҳаёт ва умумий йўналишда фаолият юритадиган суғурталовчилар бўйича алоҳида ҳисобланади ва юритилади. Мазкур низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.