• Вт. Фев 11th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Эндиликда жиноят содир этилган маҳаллаларда илмий ёндашув асосида ўрганишлар ўтказилади



«2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори [ПҚ-1-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар қилди.

Қарорга кўра, масъул идоралар ва муассасалар учун 2025 йилда «Ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш» устувор вазифа этиб белгиланди.

Шунингдек, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган бир қатор йўл хариталари ҳамда 2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизимининг самарадорлигини ошириш бўйича манзилли чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси, дастур ва «йўл хариталари»нинг ижросини назорат қилиб бориш учун Бош прокуратура ҳузурида Республика идоралараро мувофиқлаштириш ишчи гуруҳи тузилади.

Эндиликда, жиноят содир этилган маҳаллаларда илмий ташкилот ва таълим муассасалари томонидан илмий ёндашувлар асосида ўрганишлар ўтказилади. Барча туман (шаҳар) сектор раҳбарларига, Миллий гвардия қўриқлаш хизмати бошлиқларига ва ички ишлар органлари бошлиқлари ўринбосарларига 2025 йилда криминоген вазият оғир маҳаллалар номма-ном бириктирилади.

Масъуллар фаолияти ҳар ой якунида — ички ишлар вазири ҳузурида, ҳар чорак якунида — бош прокурор ҳузурида, ҳар ярим йилда бош вазир ҳузурида танқидий муҳокама қилинади, ҳар бир маҳалла кесимида президентга ахборот бериб борилади.

Қарорга мувофиқ, вилоятлар марказлари ва криминоген вазият оғир туман (шаҳар)лар маҳаллаларида профилактика кичик инспектори фаолияти йўлга қўйилади. Кичик инспектор меҳнат мигрантлари, мактаб битирувчилари ва талабалар билан ишлайди.

Ички ишлар органларида миграцион профилактика бўлинмалари, туманлараро маъмурий конвой гуруҳлари ташкил қилинади.

Синов тариқасида криминоген вазият оғир ҳудудлардаги профилактика бўлинмаларида маъмурий амалиёт гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилади ва улар жиноят иши қўзғатишни рад этишга оид ҳужжатларни ўрганиб, таркибида маъмурий ҳуқуқбузарлик бўлган ҳолатлар юзасидан ҳужжатларни расмийлаштиради.

Маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолияти йўлга қўйилади. Унга профилактика (катта, кичик) инспекторлари, хотин-қизлар масалалари бўйича, пробация, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва патруль-пост хизматлари инспекторлари ҳамда тезкор-қидирув хизмати ходими киритилади, Миллий гвардия қўриқлаш бўлинмаларининг нарядлари хизмат олиб бориши ташкил этилади.

Натижада — 5 тагача маҳалла микроҳудудга бирлаштирилади ва жиноятчилик олдини олиш бўйича тезкор ҳаракатланиш тизими яратилади.

Ижтимоий профилактика — ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли бўлганларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий, педагогик ва бошқа ёрдам кўрсатиш.

Ижтимоий профилактикани самарали амалга ошириш учун:

  • маъмурий ҳуқуқбузарлик «E-ma’muriy ish»да рўйхатдан ўтганда ҳуқуқбузар (жабрланувчи)ларга автоматик ижтимоий профилактикани амалга ошириш бўйича хулоса ижрога қаратилади;
  • ҳар бир хулоса ижроси устидан кунлик назорат ўрнатилади;
  • ҳар бир хулоса ижроси устидан кунлик назорат ўрнатилади «маҳалла еттилиги» ва кўмаклашувчиларнинг фаолияти (KPI) ижтимоий профилактика натижалари асосида баҳоланади.

Маҳалла раиси «маҳалла еттилиги» ва маҳаллага бириктирилган давлат органлари билан ижтимоий профилактика тадбирларини ташкил этади.

Криминоген вазияти оғир маҳаллаларда камида биттадан «намунали хавфсиз кўча» ва «намунали хавфсиз йўлак»лар ташкил қилинади.

«Намунали хавфсиз кўча» ва «намунали хавфсиз йўлак»ларни ташкил қилган, криминоген вазияти барқарорлашган «маҳалла еттилиги» ва сектор раҳбарлари ҳокимликлар томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қўшимча моддий рағбатлантирилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *