• Вс. Фев 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Сенат ҳуқуқ-тартибот ходимлари видеоларини «обрўсизлантириш мақсадида» тарқатишни тақиқловчи қонунни маъқуллади



Олий Мажлис Сенати ички ишлар органлари ходимларининг иш фаолиятига оид фото ва видеолавҳаларни «обрўсизлантириш мақсадида» интернет тармоғида эълон қилганлик учун жавобгарлик назарда тутилган «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонунни қайта кўриб чиқди.

Қонунчилик палатаси бу ҳужжатни 2023 йил 28 ноябрь куни қабул қилган.

Ўзбекистон Конституциясининг 99-моддасига мувофиқ Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун қабул қилинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай Сенатга юборилади. Сенат томонидан олтмиш кун ичида кўриб чиқилади ва маъқулланган тақдирда, имзоланиши ва эълон қилиниши учун президентга ўн кундан кечиктирмай юборилади. Агар Сенат қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида олтмиш кун ичида қарор қабул қилмаса, қонун Қонунчилик палатаси томонидан имзоланиши ва эълон қилиниши учун президентга юборилади.

Парламент қуйи палатасининг 2023 йил 28 ноябрдаги қарорида ҳам агар Сенат ушбу қонун Сенатга келиб тушган кундан бошлаб 60 кун ичида тегишли қарор қабул қилмаса, ҳужжат бевосита президентга юборилиши айтилган. Шундай қилиб, агар Сенат 2024 йил 5−6 февралгача йиғилиш ўтказмаса ва ушбу қонун юзасидан қарор қабул қилмаса, у президентга имзоланиш учун юборилиши лозим эди.

Ҳужжатни Сенат биринчи марта 2024 йил 16 август куни кўриб чиқди. Ушбу мажлисда Сенат қонунни такомиллаштириш ва якунлаш учун Сенат ва Қонунчилик палатасининг келишув комиссиясига қайтарган эди.

Ўшанда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров қонунни, айниқса, жарима баллари ва «ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини обрўсизлантириш мақсадида» видеолавҳалар эълон қилишни тақиқлаш бўйича нормаларни такомиллаштириш зарурлигини айтганди.

Сенат 24 январь куни ушбу келишув комиссияси томонидан қайта ишланган қонунни кўриб чиқди. Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қòмитаси раиси раиси Қутбидин Бурханов комиссия томонидан киритилган ўзгаришлар ҳақида маъруза қилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини обрўсизлантириш мақсадида фото ва видео тарқатиш

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган янги 195−2-моддаси қайта ишланди. Бурхановнинг қайд этишича, фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини фото, видео тасвирга тушириши ва тасвирларни тарқатиш ҳуқуқи сақлаб қолинган. (Лекин қонуннинг аввалги версиясида ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини фото, видео тасвирга тушириш ва тасвирларни тарқатиш тақиқланиши белгиланмаган эди — таҳр).

«Келишув комиссиясида фуқароларнинг ушбу ҳуқуқи чекланмаслиги кераклиги ҳақида якдил хулосага келинган. Яъни, фуқаролар орган ходимларининг хатти-ҳаракатини бемалол тасвирга тушириши ҳам, ижтимоий тармоқларга жойлаштириши ҳам мумкин. Орган ходимлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тўлиқ сақланиб қолмоқда. Олдинги таҳрирдан фарқли равишда, бор нарсани ижтимоий тармоққа қўйганлик учун жавобгарлик белгиланмаяпти», — деди сенатор.

«Қонун фақатгина ходимларнинг тасвирини уларни обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатмасликни, яъни ходимнинг ҳаракатлари, сўзлари ва ҳолатни бузмасликни, монтаж қилмасликни талаб этмоқда», — деди маърузачи.

Унинг қайд этишича, янги таклиф этилаётган модда ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг ёлғон ахборот тарқатишга оид амалдаги 202−2-моддаси ўртасида коллизия ҳам бартараф этилган, хусусан:

Биринчидан, янги киритилаётган модданинг дастлабки таҳрирда қўлланилган «ёлғон, ноаниқ» деган сўзлар чиқариб ташланди. Яъни, 202−2-моддада «қадр-қимматни камситувчи ёки обрўсизлантирувчи ёлғон ахборот», 195−2-моддада эса, «обрўсизлантирувчи бузилган ахборот»ни тарқатиш тақиқланган.

«Бу ерда ҳуқуқбузарлик предмети сифатида айнан бузилган, монтаж қилиб тарқатилган ахборот назарда тутилмоқда. Ушбу норма амалдаги қонунчиликда белгиланган мажбуриятларга ҳам мос келади. Хусусан, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасида ахборотни бузиб талқин этиш тақиқланган бўлиб, тарқатилаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун жавобгарлик ахборот муаллифи зиммасига юклатилган», — деди Бурханов.

Иккинчидан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202−2-моддасининг объекти муайян бир фуқаронинг бузилаётган ҳуқуқлари бўлса, муҳокама этилаётган янги модда ходим шахсини эмас, давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимини ҳимоя қилишга қаратилган, дея таъкидлади маърузачи.

Бу Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195−2-моддада жавобгарлик юзага келишининг қўшимча шарти назарда тутилганлиги билан асосланади. Яъни, фото ёки видеотасвир ходимнинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича хизмат вазифаларини бажараётган пайтда олинган бўлиши лозим.

Учинчидан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202−2-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик такроран содир этилса, Жиноят кодекснинг 244−6-моддасига асосан жиноий жавобгарлик келиб чиқади, янги киритилаётган ҳуқуқбузарлик эса фақат маъмурий жавобгарлик билан чекланмоқда.

«Шу билан бирга ушбу моддани қабул қилиш учун шарт-шароит ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Чунки, ижтимоий тармоқлар ва Интернет сўнгги йилларда ҳаётимизга чуқур кириб келди, уларда тарқатилаётган материал қамрови оммавий ахборот воситаларига нисбатан каррасига ошиб кетди. Бу ўз навбатида виртуал маконда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни турли хил бузиб тарқатилган ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш орқали жамиятда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўриш заруратини келтириб чиқармоқда», — деди Бурханов.

Мазкур модда санкциясида белгиланган жазо миқдорлари ҳам қайтадан кўриб чиқилди:

  • қатъий белгиланган БҲМнинг 50 баробари миқдоридаги жарима — 20 баравардан 50 бараваргача қилиб;
  • қатъий белгиланган 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олиш — 10 суткагача, маъмурий қамоққа олиш муддатига деб қисқартирилмоқда, яъни ҳолатдан келиб чиқиб судья ундан ҳам камроқ муддат белгилаши мумкин.

Шундан келиб чиқиб, келишув комиссияси томонидан ушбу модда қуйидаги таҳрирда қайта ишланди:

«Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича хизмат вазифаларини бажараётган пайтда олинган фото — ва (ёки) видеотасвирини уларни обрўсизлантиришига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатиш, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш».

Жарима баллари

Муҳокама қилинаётган қонун билан жарима баллари ҳисобланган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жазо қўллаш каби ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Шундай бўлсада қонундаги айрим нормалар бугунги кундаги мавжуд реал воқелик ҳамда амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мос келмаганлиги қайд этилганди.

Қонунда жарима баллари учун транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосининг минимал муддатлари (энг пастки чегараси) белгиланмагани, бу эса суд амалиётини турлича шаклланишига замин яратиши, амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати ўн беш кундан кам бўлмаслиги керак деб белгилангани, бироқ, йил давомида камида 12 та жиддий қоидабузарлик қилган ҳайдовчига ўн беш кун транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосини берилиши қонундан кўзланган мақсадга эришишга тўсқинлик қилиши мумкинлиги айтилганди. Шу боис 55-ялпи мажлисда сенаторлар томонидан қонунни қайта ишлаш ва ушбу масала бўйича юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш ва маромига етказиш учун Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат келишув комиссиясини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди.

Комиссия томонидан сенаторларнинг эътирозларига сабаб бўлган қонундаги кўплаб жиҳатлар қуйидагича бартараф этилган:

Йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун маъмурий жазо қўлланилганда ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилишнинг энг кам миқдори олти ойдан кам бўлмаслиги белгиланди. Бунинг учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги киритилаётган 341-моддасига тегишли таъсир чораларини қўллашга аниқлик киритувчи, шунингдек ушбу кодекснинг 28-моддасида ҳам тегишли ҳаволани назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.

Сенаторлар қонунни муҳокама қилиш вақтида маърузачи ва қонун ишлаб чиқувчиларга саволлар беришди. Хусусан, сенатор Хусан Эрматов светафор остидаги 1.1 чизиқларини босганлик учун ҳам жарима баллари ҳисобланишига қизиқди.

«Биз қоидабузарлик деб айтаётган ҳолатлар ҳайдовчиларга мутлақо боғлиқ бўлмаган вазиятда ҳам юзага келишини ҳам ҳисобга олиш керак. Айниқса, ёғингарчилик мавсумида йўлдаги чизиқлар кўринмайди. Чизиқ чизилган жойларда чуқурлар бўлган ҳолатларда ҳайдовчилар уни четлаб ўтишга мажбур бўлади. Бундай вазиятда ҳайдовчи жаримадан кўра, чуқурга тушиш қимматроққа тушишни яхши тушунади. Шунингдек, чорраҳаларда бир машина чекка чизиққа туриб олади, бошқалар эса уни айланиб ўтишга ва чизиқни босишга мажбур бўлади. Ана шундай ҳолатда жарима балларини қўллаш қанчалик тўғри?», — дея савол берди сенатор.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров саволга жавоб берди:

«Бу масалада кўплаб мурожаатлар келиб тушяпти. Мурожаатлар масъул ходимлар томонидан кўриб чиқилади (декабрдан бошлаб мурожаатларни онлайн жўнатиш мумкин). Агар ҳолатлар ўз тасдиғини топганда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддасига асосан кўриб чиқишдан тўхтатилади ва 321-моддага асосида [жарима белгиланиши тўғрисидаги] қарор бекор қилинади. 2022 йилда янги таҳрирда қабул қилинган Йўл ҳаракати қоидаларида етарлича кўринмаслик тушунчаси киритилди. Унда ёмғир, қор ёғиши, туман тушиши ва шунга ўхшаш ҳолатлар инобатга олинди. Юқорида қайд этилган ҳолатларда ҳам бундай шароитлар инобатга олинади… Бундай ҳолатларда жарима белгиланмайди, жарима баллари ҳисобланмайди».

Сенатор Анвар Тўйчиев бир машинани ишончнома асосида бир неча киши ҳайдаса қоидабузарлик содир этилганда жарима баллари ҳайдовчига ҳисобланадими ёки машина эгасигами, дея савол йўллади.

Эрали Бозоров муҳокамадаги қонунда бу масалага тўхталиб ўтилганини маълум қилди.

«Қонунга 117−1 моддасига қўшимча киритилмоқда, яъни транспорт воситасидан фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлар асосида белгиланган тартибда фойдаланган шахслар жавобгарликка тортилади. Бунда фуқаровий-ҳуқуқий муносабатларига суғурта полисига киритилган яқин қариндошлари ҳам киради. Шуни инобатга олган ҳолда, траспорт воситасини бошқарган шахсга нисбатан жарима баллари тўпланади. Қонун маъқулланиб, кучга киргандан кейин механизмлар яна такомиллаштирилади», — деди Бозоров.

Қонун Сенат томонидан маъқулланиб, имзолаш учун президентга юборилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *