Хитой божхона бош бошқармаси 2024 йилда Марказий Осиё мамлакатлари билан олиб борилган савдо-сотиқ якунлари ҳақида маълумот берди.
Унга кўра, Хитойнинг Марказий Осиё (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон) билан ялпи савдо айланмаси 2024 йилда 94,8 млрд АҚШ долларини ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 5,4 млрд долларга ошган.
Хитойнинг минтақадаги энг йирик савдо шериги — Қозоғистон (жами савдо айланмасининг 46 фоизи ёки 43,8 млрд доллар).
Қолган мамлакатлар улуши қуйидагича:
- Қирғизистон — 24 фоиз (22,7 млрд);
- Ўзбекистон — 14,5 фоиз (13,7 млрд);
- Туркманистон — 11 фоиз (10,6 млрд);
- Тожикистон — 4 фоиз (3,8 млрд).
Эътиборли томони, ўтган йили Хитойнинг товар айирбошлаши Қозоғистон (2,8 млрд доллар), Қирғизистон (2,9 млрд доллар) ва Туркманистон (57 млн доллар) билан ўсган ва аксинча, Ўзбекистон (260 млн доллар) ва Тожикистон (65 млн доллар) билан камайган.
Статистика агентлиги яқинда Ўзбекистоннинг 2024 йилдаги энг йирик ташқи савдо шерикларини эълон қилганди, унда «биринчи рақамли» савдо шеригимиз — Хитой билан бир йиллик олди-берди қиймати — 12,5 млрд долларлиги кўрсатилган, яъни хитойлик божхоначилар келтирган рақамлардан 1,2 млрд доллар кам.