Ҳукуматнинг 21 январь кунги қарори билан хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар ходимларини аттестациядан ўтказиш тартиби белгиланди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар берди.

Ташкилотлардаги ходимларни аттестациядан ўтказишнинг мақсади ташкилотлардаги ходимларнинг касбига муносиблиги даражасини холисона баҳолаш, белгиланган малака талабларига мувофиқлигини аниқлаш, зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш имконияти мавжудлигини аниқлашдан иборат.

«Хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг раҳбар ва муҳандис-техник ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом қуйидагиларни назарда тутади:

  • хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг раҳбар ва муҳандис-техник ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тартиби, муддатлари ва уларни амалга оширувчи ташкилотлар;
  • хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг раҳбар ва муҳандис-техник ходимларини аттестациядан ўтказиш тартиби, муддатлари, аттестация турлари ҳамда аттестациядан ўтказиладиган ходимлар тоифалари;
  • аттестация комиссиясининг таркибини шакллантириш ва фаолиятини ташкил этиш;
  • аттестация натижалари бўйича аппеляция бериш ва уни кўриб чиқиш қоидалари.

Ходимлар даврий аттестациядан қуйидаги муддатларда ўтказилади:

  • хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланувчи ташкилотларнинг раҳбар ходимлари, уларнинг марказий аттестация комиссиялари раислари ва раис ўринбосарлари — беш йилда бир марта;
  • муҳандис-техник ходимлар, шунингдек, аттестация комиссиялари аъзолари — уч йилда бир марта;
  • хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланувчи ташкилотларда фаолият юритадиган бошқа ишчи-ходимлар — бир йилда бир марта.