Англия Премьер-лигасининг 23-турида «Манчестер Сити» «Челси»ни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувда «Сити»нинг яқинда трансфер қилинган ўзбекистонлик марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов дебют ўйинини ўтказди.
Фото: X / Манчестер Сити
Пеп Гвардиола, шунингдек, яқинда жамоа таркибига қўшилган мисрлик футболчи Омар Мармушни ҳам асосий таркибда майдонга туширди.
Фото: X / Манчестер Сити
Фото: X / Челси
Учрашувнинг учинчи дақиқасида Абдуқодир Ҳусанов тўпни дарвозабонга бош билан узатишда хатога йўл қўйди ва бу «Челси» футболчиси Николас Жексон тўпни эгаллаб олишига олиб келди. Жексон ўз навбатида тўпни бўш қолган дарвоза олдидаги Нони Мадуэкега узатди ва учрашувда ҳисоб очилди.
Тўртинчи дақиқада Абдуқодир Ҳусанов Палмерга нисбатан қўполлик ишлатди ва ҳакам унга сариқ карточка кўрсатди.
42-дақиқада Нони Мадуэке сунъий офсайд юзага келтириш вақтида хатога йўл қўйди, «Манчестер Сити» футболчиси Матеус Нунес эса бирга-бир вазиятга чиқиб бориб, дарвозага зарба йўллади. Дарвозабон қайтарган тўп эса «Манчестер Сити»нинг бошқа футболчиси Йошко Гвардиолга бориб тушди ва у ҳисобни тенглаштирди.
54-дақиқада Пеп Гвардиола сариқ карточкаси бор Абдуқодир Ҳусановни захирага олиб, унинг ўрнига Жон Стоунзни туширди. Ҳусанов майдонни тарк этаётган пайт «Манчестер Сити» мухлислари Ҳусановни қўллаб-қувватлади ва олқишлар билан кузатиб қўйди.
Учрашувнинг 68-дақиқасида «Сити» дарвозабони Эдерсон ҳужум чизиғидаги Эрлинг Ҳоландга узатма берди. «Челси» дарвозабони Роберт Санчес эса ҳимоячи Трево Чалоба Ҳоландни қўриқлаб келаётганига қарамай дарвозасини тарк этиб, олдинга чиқиб келди. Ҳоланд эса уларнинг устидан тўпни дарвозага ташлаб қўйди ва жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.
87-дақиқада Ҳоланднинг узатмасидан кейин Фил Фоден бирга-бир вазиятга чиқди ва ҳисобни 3:1 кўринишига олиб келиб, учрашувга мантиқий нуқтани қўйди.
Учрашувда «Манчестер Сити» рақибидан кўра тўпга кўпроқ эгалик қилди, кўпроқ вазият яратди, аниқ зарбалар берди. Умуман олганда жамоаларнинг асосий статистик кўрсаткичлари қуйидагича кўриниш олди:
Пеп Гвардиоланинг қисқа интервьюси
«Яхши старт эмас. Бизга омад кулиб боқди, ҳисоб 2:0 кўринишига келиб, жазоланганимиз йўқ. Шундан сўнг биз ҳиссий жиҳатдан тикланиб, яхши ўйнашни бошладик. Охирги ўйинларга қараганда тўпга кўпроқ эгалик қилдик. Бу ҳақиқатан ҳам жуда муҳим эди. Футболчилар биргаликда ҳаракат қилди. Бу жуда муҳим эди. Ҳар қандай футболчи хато қилиши мумкин. Мухлислар ҳар доим янги ўйинчиларни қўллаб-қувватлайдилар. У [Абдуқодир Ҳусанов] жуда ёш. У ҳали ўрганади. Биз энди «Ноттингем»га яқинроқмиз, аммо «Борнмут» анча тез ҳаракатланмоқда», — деди «Манчестер Сити» бош мураббийи учрашувдан кейинги қисқа интервьюсида.