Ғиждувон туманилик 60 ёшли фуқаро А.Ҳ. ўзига тегишли бўлган қурилиши якунланмаган ва ҳеч ким яшамайдиган ҳовлисининг томорқасида 17 туп таъқиқланган «каннабис» ўсимлигини етиштирган. Қўни-қўшнилари унинг қандай ўсимлик эканини сўрашганида, А.Ҳ. «бировнинг томорқаси билан нима ишларинг бор» деб, уларни қувиб солган.
Орадан кўп ўтмай, А.Ҳ. эски ҳовлида яшаб юрган турмуш ўртоғининг хатти-ҳаракатларидан хабарсиз аёли О.Ж.ни зудлик билан янги ҳовлига келишини сўраган.
«Усталар киришади, тезда ҳовли томорқасини бегона ўт-ўланлардан тозалаб, ёқиб юбориш керак», — дея хотинини ҳам ишга жалб этган.
О.Ж. ҳеч нимадан хабарсиз турмуш ўртоғига кўмаклашган. А.Ҳ. эса гул ва ўсимликларга қўшиб, 17 туп каннабис ўсимлигини ҳам ёқиб юборган. Худди шу пайтда маҳалла бўйлаб вертолёт тинимсиз ҳаракатлангани кузатилган.
Ҳаял ўтмай, қурилиши тугалланмаган хонадонга қатор ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ва тезкор гуруҳнинг кириб келгани О.Ж.ни ҳайратга солган.
«Махсус кийимдаги ходимлар бир зумда ҳовлимизнинг ҳаммаёғига тарқалишди. Уй ичлари, ертўла ва чердакларигача… кўздан кечиришди. Бир пайт ичида менга ноаён бўлган қора пакетни кўтариб чиқишди. Афсуски, бир хонадонда яшаб, хабарсиз қолибмиз. Турмуш ўртоғимнинг ҳар доим «янги ҳовлини ўзим таъмирлайман, ўзим томорқаларини яшнатаман», деганига ишонибмиз. 2 нафар турмушга чиққан қизлариму, не-не умидлар билан ўз касбу кори йўлида оиласи билан Самарқандда хизмат қилиб юрган ўғлимизнинг юзига қандай қараркин?» — деган О.Ж.
Ёқиб юборилган 17 туп каннабис ўсимлигидан ташқари, А.Ҳ.нинг хонадонида яна кўп миқдорда гиёҳванд моддалар борлиги аниқланган. Қурилиши тугалланмаган ҳовли том қисмидаги чердакдан 130 дона гугурт қутида таркибида тетрагидроканнабинол мавжуд бўлган наша топилган. Унинг соф оғирлиги 951,22 граммга бўлган. Булардан ташқари, молхона том қисмидан ўткир ҳидли 4 дона илдизсиз, таналари қуритилган каннабис ўсимлиги, соф вазни 2483,31 граммга тенг марихуанна, 643,64 грамм ўсимлик барглари борлиги ҳужжатлаштирилган.
А.Ҳ. ушбу гиёҳванд моддаларни сотиш учун эмас, ўзи истеъмол қилиши учун етиштириб, сақлаб юрганини ва ҳар куни ўзи 1 дона гугурт қути наша чекишини билдирган. Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон тумани суди ҳукми билан А.Ҳ.га нисбатан 6 йилу 7 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.