Хоннинг чиқарган ҳар бир фармони халқ ҳаётида ижобий ёхуд салбий бўлсин, ўз таъсир кучига эга эди. Бироқ ҳеч бир фармони олий бу қадар халқ ўртасида шов-шувга сабаб бўлмаганди. Эҳтимол Хива ёки бошқа хонлик тарихида шу каби фармон қабул қилинмагани учундир? Ахир, Саййид Муҳаммад Умархон Қўқон хонлигидаги эркак фуқаролар учун соқол ислоҳоти ўтказиш тўғрисида фармон берган эди-да…
Акаси Олимнинг вафотидан сўнг 1810 йили тахтга чиққан Умархон ҳукмдорлигининг бошиданоқ солиқлар турини камайтириш, ариқлар қаздириб, боғ-роғлар яратишга киришиб кетди. У 13 ёшидан Марғилонга ҳокимлик қилиб, Муҳаммад Шариф оталиқ раҳбарлигида ҳам ишларни кенг йўлга қўйиб тажриба орттирган эди. Диний ва дунёвий билимларни тўлиқ эгаллагани боис, давлат қудратини атрофидаги амалдорлар орасида низо чиқмаслигида деб биларди.
Бироқ тахт теварагидаги амалдорларга тенг қараб яхши муомалада бўлишига қарамай, фисқу фасод кўпайди. Айниқса, Бухородаги муҳожирликдан қайтиб келиб, қушбеги лавозимини эгаллаган Ражаббой Умархонга саройда тўнтариш бўлажаги тўғрисида огоҳлантирди. У 25 ёшга кирган ёш хоннинг ишончини қозониб, Идрисқулибек, Мўминбек ва Жумабой қайтоқининг фитна тайёрлаётгани, хонни тахтдан ағдариб, Идрисқулибекни Қўқон ҳукмдори қилмоқчи бўлаётганини айтди. Шундан кейин юқоридаги амалдорлар ғалаёнчи сифатида қатл этилди.
Мазкур воқеадан сўнг хонликда Ражаб қушбеги катта таъсир кучига эга амалдорга айланди. Ҳатто, хон уни катта қўшинга бош қилиб, кўплаб ҳукмдорларнинг амалга ошмаган мақсади – Туркистонни ишғол қилишни топширди. Буни қарангки, Ражаб қушбеги бу ишни ҳам уддалаб, қўшин билан Туркистонни ишғол қилди.
У шу тарзда Умархон давлатининг ҳудудини кенгайиб, эгаллаб олинган ерларида кўплаб қалъалар барпо этилди. 1813–1815 йилларда Сирдарёнинг ўнг қирғоғида Оқмасжид, 1814 йили Қоратоғнинг шимолий томонида Чўлоққўрғон, Олойда Қизилқўрғон, 1821 йилда Талас дарёси бўйида Авлиёота, Улуғқўрғон, Даровутқўрғон қалъаларига асос солинди. Вақт ўтиб, Умархоннинг Қўқон хонлигида бунёд қилган қалъалари сони 30 дан ошиб кетди.
У хонликда амалга ошираётган бунёдкорлик ишларига халал бермаслик, одатий тажовузларнинг олдини олиш учун Бухоро амири билан жанг қилди. Натижада Умархоннинг қўли баланд келиб, ҳарбий нуфузи ортганини кўрган амир анча пайтгача Қўқонга бостириб келмади.
Шундан кейинги барқарорлик даврида Умархон хонликда янги бунёдкорлик ишларини бошлаб юборди. Айниқса, 1816 йилда қурилиб бошланган жоме масжиди ва мадрасаси унга шуҳрат келтирди. Масжидга кетадиган маблағ унга ажратилган вақф ердан олинган даромад ҳисобига бошланган эди. Биноларга пойдевор қўйишда жамоатга шундай жар солинди:
– Кимки, балоғат давридан тарки мустаҳиб содир қилмоғон бўлса, илк тошни ўртага чиқиб қўйсин.
Қарангки, бирор киши журъат қилиб, мен билиб гуноҳ қилмаганман, барча амалларни тўлиқ адо этаётирман дея олмай, сукут сақлади. Фақат Умархонга:
– Алҳамдулиллоҳ, тарки мустаҳиб қилмоғон банда мен экандурман, – деб, масжиду мадрасага илк тошни қўйган экан.
«Амирал муслимин», «Жаннатмакон» унвонларига эга Умархон диний илмни тўлиқ эгаллаган, маърифату маънавиятли ҳукмдор, қолаверса, «амирий» тахаллуси билан шеърлар битгувчи шоир ҳам бўлган.
19 ёшида Андижон ҳокими Раҳмонқулибий Оталиқнинг Моҳларойим исмли қизига уйланиши Умархоннинг ҳаётида катта воқеага айланган эди. Моҳларойим тарихда Нодира тахаллуси билан шеърлар битган шоираи даврондир. Завжалари, қолаверса, ўзларининг ҳам шоирлиги боис, хонлик даврида Қўқонда мушоиралар тез-тез бўлиб турарди.
Энг ҳайратланарлиси, Умархоннинг давлат раҳбари сифатида «соқол ислоҳоти» ўтказиш ҳақидаги фармони халқ ичида тезда шов-шувга сабаб бўлди. Соқол қўйиш эркак киши учун суннатлиги ҳаммага аён эди. Бироқ уни маълум бир тартига келтириш тўғрисида давлат миқёсида фармон чиқарилмаганди. Умархон фиқҳ китобларни ўқиб, уламолар билан маслаҳатлашиб, «соқолни текислаб, унга оро бермоқ лозим», деган хулосага келади. Шундан сўнг соқол қандай шаклда бўлмоғи лозимлиги ўрганилиб, хон фармонига кўра, ҳар бир вилоят учун соқол шакли белгиланади. Натижада Ўратепа ва хўжандликлар учун «Ойболта», Андижон учун «Қўшбодом», Тошкент вилояти учун «Туморча», қўқонликлар учун «Қўқон мақоми» номли соқол шакли белгиланиб, ислоҳот ўтказилади.
Умархон шу тарзда давлатда қурилишу маърифат, ҳарбий соҳаларда ва соқол шакли борасида ислоҳот ўтказилиб, шуҳрат қозонди.
Ҳукмдорлигининг 12 йилида Бозорқули меҳтар деган амалдори Умархонни зиёфатга чорлайди. Меҳтар Исфара гузари ва Беквачча маҳалласи оралиғида бир бино қуриб, жой тўйига келаётган Умархон учун аркдан то уйигача кўчаларга кимхоб атласдан пояндоз солган эди.
Ўн икки кунга чўзилган дабдабали зиёфатда Умархон хасталаниб, саройга келтирилди.
1822 йили 37 ёшида Қўқон хонлиги тарихидаги машҳур хон вафот этди.
Умид Бекмуҳаммад,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.