PSA Airlines авиакомпаниясининг Уичито (Канзас) шаҳридан American Airlines авиакомпаниясининг 5342-рейсини амалга ошираётган Bombardier CRJ700 самолёти чоршанба куни соат 21:00 атрофида Вашингтоннинг Рейган номидаги миллий аэропортига яқинлашаётганда АҚШ қуролли кучларининг Sikorsky H-60 Black Hawk вертолёти билан тўқнашди ва Потомак дарёсига қулаб тушди. Бу ҳақда «The Washington Post» газетаси хабар бермоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, самолётда 60 нафар йўловчи ва 4 нафар экипаж аъзоси бўлган. Вертолётда камида уч киши бўлган бўлиши мумкин. Дарёда қутқарув ишлари олиб борилмоқда, сувдан кўплаб жасадлар чиқариб олингани ҳақида хабар берилмоқда.
Аэропорт ёпилди, барча рейслар Балтимор-Вашингтон халқаро аэропортига йўналтирилди.
АҚШ президенти Дональд Трамп вазиятни кузатаётганини маълум қилди. У қутқарувчиларга амалга оширилган ишлар учун миннатдорчилик билдирди.
Газетанинг ёзишича, 2023 йилдан бери аэропорт ҳудудида ҳарбий вертолётларнинг самолётлар билан тўқнашиши мумкин бўлган бир нечта хавфли ҳолатлар содир бўлган.
Янгилик тўлдириб борилади.