Ўзбекистон ва Қирғизистон маҳкумларни алмашади. Бу ҳақдаги шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонун Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 31 январда бўлиб ўтган ялпи мажлисида учинчи ўқишда қабул қилинди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан ратификация қилиш назарда тутилган Халқаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида имзоланган маҳкумларни топшириш тўғрисидаги шартнома инсонпарварлик тамойилларига асосланган муҳим ҳужжат ҳисобланади.
Унинг асосий мақсади — маҳкумларнинг жазони ўз фуқароси бўлган давлатда ўташлари яъни маҳкумлар ўз ватанида, оиласи яқинида жазони ўташ имконияти яратишга қаратилган. Шартномада жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни ҳукмни ижро этиш учун ўз давлатига топшириш асослари, шартлари ҳамда тартиблари аниқ кўрсатиб ўтилган.
Шу билан бирга, ҳужжатда маҳкумни топшириш билан боғлиқ ҳаражатлар, низоларни ҳал қилиш, икки томонлама алоқа тиллари, шартномага ўзгартириш киритиш ҳамда кучга кириши каби муҳим масалалар ўрин олмоқда. Шартномага кўра, томонларнинг марказий органлари — Ўзбекистон ва Қирғизистон Бош прокуратуралари этиб белгиланган.
Мазкур шартнома маҳкумларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий реабилитациясини яхшилаш, уларнинг оилалари билан алоқаларини сақлаш имкониятини яратиш, шу билан бирга, давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим халқаро-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб хизмат қилади.
Шавкат Мирзиёев томонидан 2024 йил декабрида имзоланган қонун билан хориждаги маҳкумларни Ўзбекистонга қабул қилиш тартиби такомиллаштирилган. Қонун хорижий давлатлар судлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тартиби, шахсларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар ва бошқа масалаларга доир қоидаларни қамраб олган. Унда маҳкумларни жазони ўташни давом эттириш ёхуд руҳий касалликка чалинган шахсларни мажбурий даволаш учун Ўзбекистонга қабул қилиш тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ҳам аниқ белгиланди.