Ушбу шарҳ «Ўзгидромет»нинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.
Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.
Ўзбекистонда ҳафта давомида қуруқ об-ҳаво муҳити кузатилишини сунъий йўлдош тасвирларидан ҳам тушиниб олиш мумкин. Фақат кейинроқ дам олиш куни яъни якшанба кунига бориб, ғарбдан совуқ-нам ҳаво оқимлари кириб келиши сабаб, жойларда ёмғир-қор ёғишини тахмин қилиш мумкин.
Манба: NASA
Ҳафта иш кунларидаги об-ҳавони Туркаманистондан аста-секин республикага кириб келивчи илиқ ҳаво оқимлари белгилайди. Ҳаво ҳарорати ҳафта охирига қадар аста-секин кўтарилиб бориш тамоилига эга. Қисқа қилиб айтганда, ҳафтанинг иш кунлари биз ўзимизнинг «маҳаллий об-ҳаво» шароити таъсирида бўламиз. Жума ва шанба кунлари ҳароратнинг кескин кўтарилиб бориши шимоли-ғарбдан нам совуқ ҳаво оқимларини минтақага «торта бошлайди». Бу якшанба ва кейинги ҳафта бошлари минтақага совуқ ҳаво оқимлари кириб келишидан дарак.
Душанба куни жанубий вилоятларда ҳаво ҳарорати +15 даражагача кўтарилиб, ҳафтанинг кейинги кунларида у аста кўтарилиб, жума-шанба кунлари жанубда ҳатто ҳарорат максимуми +20 даражагача исиб кетиши ойдинлашмоқда. Аммо, тунги ҳарорат ҳақида бундай деб бўлмайди. Ҳафтанинг иш кунлари тунги ва тонгги ҳарорат ноль, айрим ҳудудларда бундан бироз паст бўлиши таъминланади. Фақат пайшанба-шанба кунларига келиб, тунги ҳароратнинг нолдан юқори бўлиши кутилади.
Манба: Meteoinfo.ru
Бир сўз билан айтганда, ҳафта қуруқ, кундузи иссиқроқ, тунда совуқроқ ҳарорат сақланади. Якшанба кунига бориб ҳудудларда ёғингарчиликлар (асосан ёмғир), беқарор об-ҳаво бўлиши кутилади.
Сешанба кунидан бошлаб водий вилоятларида ҳам ҳароратнинг кундуз куни +10 даражадан юқори кўтарилиши аста-секин газ қувурларида табиий газ босими камайиш омилини камайтириб, кундузги муддатларда метан газ заправкалари фаолиятида барқарорлик юз бериши мумкин.
«Ўзгидромет» прогнозига кўра, 3 февраль куни жойларда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кундузи шимол ва тоғларда +3…+8 даражагача, бошқа ҳудудларда +12 даража, жанубий вилоятларда +15 даражагача, тунда шимол ва тоғларда −0…−5 даража совуқ, бошқа ҳудудларда +3 даража илиқдан -2 даража совуқ атрофида бўлади. Жойларда туман ҳодисалари кузатилиши мумкин.
Синоптиклар 4−6 февраль кунлари Ўзбекистонда ёғингарчилик кутилмаслигини, 4 февраль кундуз куни шимолда худди душанба кунидаги каби +8 даражагача, бошқа ҳудудларда эса +13 даражагача илиқ бўлишини маълум қилган. Уларнинг фикрича, жанубий вилоятларда ҳарорат максимумлари +16 даражага етади. 5−6 февраль кунлари республикада ҳарорат янада кўтарилиб бориб, ушбу кунлари ҳатто шимолда ҳарорат +10 даражага етади, бошқа вилоятларда эса ҳарорат максимумлари +13…+18 даража оралиғида бўлади.
Ушбу кунлари тунги ҳароратда душанба кунига нисбатан ўзгариш бўлмаса-да, чоршанба кунидан бошлаб, республиканинг катта қисмларида тунги ҳарорат минимумлари ноль даражадан юқори кўтарила бошлайди. Тоғларда ушбу кунлари кундузи +2…+7 даража илиқ, кечалари 0…-5 даража совуқ атрофдиа бўлади. Айрим ҳудудларга туман тушиш эҳтимоли бор.
Манба: Windy
Манба: Windy
Жума ва шанба кунлари республика ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди. Якшанба кунига келиб эса нам ва совуқ ҳаво оқимларининг республика ҳудудларига кириб келаётганини аҳоли ўз танасида ҳис қила бошлайди. Бу ҳодиса шимол ҳудудларида шанба кунидан бошланади. Шимолда жума куни, бошқа ҳудудларда шанба куни ҳафтадаги энг иссиқ ҳарорат кузатилади. Якшанба кунига келиб эса ҳудудларда ҳароратнинг сезиларли пасайиб бориши рўй беради.
Шанба ва якшанба кунлари ҳарорат ўзгариши ва ёғингарчиликлар эҳтимоли тўғрисидаги сўнгги маълумотларини «Ўзгидромет»нинг ҳар куни янгиланадиган қисқа муддатли об-ҳаво прогнозлари орқали аниқроқ билиб олиш мумкин.
«Ўзгидромет»нинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, ҳафта (3−9 февраль кунлари) давомида шимол ҳудудларида ҳарорат шу даврга хос кўп йиллик ўртача иқлимий муҳитдан совуқ, республиканинг катта қисмида эса меъёрий ҳарорат кутилади. Тоғлар ва Фарғона вилояти жанубий туманларида эса бироз иссиқ ҳарорат кутилади. Ёғингарчилик бўйича эса янги ҳафта шу давр учун хос иқлимий муҳитдан анча қуруқ бўлиши, Сурхондарё вилояти ва тоғларда бу янада қуруқроқ бўлиши об-ҳаво карталарида ҳам кўринган.
Манба: ECMWF
Манба: ECMWF
Шундай қилиб, ҳафта давомида ёғингарчилик шу давр учун хос меъёрдан кам, ҳарорат бўйича эса меъёр атрофида бўлиши маълум қилинган.
Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири
Жорий ҳафта об-ҳаво муҳити об-ҳаво ўзгаришларига таъсирчан кишилар саломатлигига у қадар хавф туғдирадиган даражага эга эмас.
Фақат шимолда шанба куни, бошқа ҳудудларда эса якшанба куни ҳаво оқимларининг жой алмашинишида ҳароратнинг кескин пасайишидан олдин кузатиладиган шамол омили кучсиз кўринишдаги «барик тубсизлик» ҳодисасини келтириб чиқариши мумкин. Барик тубсизлик ҳодисасидан таъсирланувчи об-ҳаво ўзгаришларига мойил кишилар олдинги материалдаги тавсияларга амал қилишлари мақсадга мувофиқдир.
Биоиқлимий шароитлар
Душанба ва сешанба тунлари бироз совуқроқ бўлса, ҳафтанинг иш кунларининг бошқаларида тунда ҳароратнинг бироз юқори бўлиш ҳолати кишиларнинг бош киимсиз юриши учун қулай вазиятни туҳфа этади. Аммо, шимолда шанба куни, бошқа ҳудудларда якшанба куни совуқ ва нам ҳаво оқимининг минтақага кириб келишида нафақат тунда, балки кундуз куни ҳам кишилар қалин кийимлар кийиб олишларига тўғри келади.
Ҳафтанинг иш кунлари кундузи кишилар қалин кйимлар ўрнига анча енгилроқларини, шимолда жума куни, бошқа ҳудудларда шанба кундуз куни кишилар ҳатто жуда ҳам енгил кийимлар кийиб олишларини табиатни ўзи ундашига гувоҳ бўлишади.
Космик таъсирлар
Ўзбекистонликлар ҳафта давомида жуда кучли магнит бўрони қўзғалишларидан таъсирланмаслар-да, аммо душанба-чоршанба кунлари 3−4 баллик «сариқ» хавфга эга магнит бўрони қўзғалишлари таъсирига тушишлари прогноз қилинмоқда. Кўплаб прогноз моделлари Қуёш фотосферасида 2 февраль куни М синфли 4 та чақнаш кузатилганини кўрсатмоқда. Ушбу чақнашлардан ажралган плазма икки ёки уч кунларда сайёрамиз магнитосферасига урилиб, Ерда магнит бўронларини келтириб чиқариши мумкин.
Манба: Xras.ru
Қозоғистондаги Ионосфера институти эълон қилган геомагнит бўрони прогнозида ҳам иш кунларининг бошларида об-ҳаво ўзгаришларига мойил кишилар саломатликка бироз хавф туғдир «сариқ» даражадаги, яъни кучсиз қўзғалишлар билан рўбарў келиши қайд этилган.
Манба: Ionos.kz
Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқ.
Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши
Жума-шанба кунлари ҳаво ҳароратининг кундуз кунлари учун бироз юқори кутилиши пастдан юқорига кўтарма куч ҳисобига ҳавода майда дисперс заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш даражаси бироз ортишини келтириб чиқариш мумкин. Аммо, бошқа кунлари кўп эҳтимол ҳавонинг табиий ифлосалиниши учун об-ҳаво шароити у қадар қулайлик яратиш хусусиятига эга эмас.
Ҳафта давомида кучли шамол кутилмалари мавжуд эмаслиги сабаб, йирик шаҳарларда ҳаводаги ифлослантирувчи моддаларнинг атрофга чиқиб кетиши учун у қадар қулай шароит юз бермайди.
Ҳавода майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш ортган пайтда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги борасида Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тавсиялар тайёрлаган.
Шундай қилиб, 3 февралдан 9 февралгача келаётган етти кунликда об-ҳаво бўйича энг қулай кунлар сешанба, чоршанба ва пайшанба бўлиб, иқлимий ўзгаришларга мойил кўпчилик шу кунларда ўзини нисбатан енгилроқ ҳис қилиши кутилмоқда.