Канада 4 февралдан АҚШдан олиб кирилаётган қатор маҳсулотларга 25 фоизлик бож жорий этади. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати расмий сайтида хабар берилди.
Оширилган бож қўлланилувчи маҳсулотлар рўйхатига гўшт, сут маҳсулотлари, мева-сабзавотлар, спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари, кийим-кечак, пойабзал, косметика, автомобиллар шиналари, мотоцикллар, пичоқлар, музлатгичлар ва бошқалар киритилган. Шунингдек, ўқ отувчи қуроллар, бомбалар, торпедо ва миналар учун ҳам бож қўлланилади.
2 феврал куни Канада бош вазири Жастин Трюдо америкаликларга мурожаатида жавоб чоралари тариқасида АҚШнинг жами қиймати $155 миллиардлик маҳсулотларига 25 фоизлик бож жорий этилишидан огоҳлантирганди.
Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Канада, Мексика ва Хитойдан импорт қилинадиган товарларга божлар жорий этиш ҳақидаги фармонни имзолаганди. Унга кўра, Хитойдан амалга ошириладиган барча импорт маҳсулотлари учун 10 фоиз, Мексика ва Канада импортига 25 фоизлик тарифлар жорий қилинган.