Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари январь ойида Россия фуқароларидан пул ундириш билан шуғулланган йирик фирибгарлар тармоғини фош этди. Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) маълумотига кўра, улар учта колл-марказ орқали фаолият юритган. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастурида репортаж намойиш этилди.

Маълум қилинишича, фарғоналик шахс (1986 йилда туғилган) ўз раҳбарлигида Россия фуқароларидан ноқонуний пул ўзлаштириш билан шуғулланувчи жиноий тузилма тузган.

Жиноий тузилма 32 кишидан иборат бўлган, улар Фарғонада иккита ва Тошкентда битта колл-марказ кўринишида фаолият юритган.

Интернетда биологик фаол қўшимчалар сотиб олган Россия фуқароларининг шахсий маълумотларидан фойдаланган ҳолда, бундай колл-марказ «операторлари» ўзларини тергов органлари ходимлари сифатида таништирган ва БАД сотувчилари томонидан етказилган тахминий маънавий зарарни қоплаш учун тўлов таклиф қилган.

Уларнинг баъзилари Россия Молия вазирлиги вакиллари номидан иш олиб борган ва даромад солиғини тўлаганидан кейин пул компенсациясини ваъда қилган. Маблағни ўтказиш учун эса улар ўзлари айтган банк картаси реквизитларига зарур миқдорда тўлов юборишни талаб қилган ва, акс ҳолда, маблағни қайтариб олиш имконсиз эканини айтган.

32 кишининг барчаси ҳибсга олинган. Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (Бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган фирибгарлик) ва 278−2-моддаси (Компьютер ахборотидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дея қўшимча қилди ДХХ.