Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида тадбиркор кўп миқдордаги табиий газдан ноқонуний фойдалангани маълум бўлди, деб хабар бермоқда «Ҳудудгазтаъминот» матбуот хизмати.

«Ҳудудгаз Жиззах» ГТФ комплаенс назорат тузилмалари, «Ғаллаоролтумангаз» ГТБ ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари иштирокида тезкор тадбир ўтказилди.

Унда аниқланишича, Самарқанд кўчасида яшовчи фуқаро хонадонида рудадан рангли металларни ажратиш учун табиий газ тармоғига ҳисоблагичдан ташқари резина шланг орқали уланиб, «зангори ёқилғи»дан ноқонуний фойдаланиб келган.

Ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, сарфланган табиий газ ҳажмлари қайта ҳисоб-китоб қилинди ва 1 миллиард 354 миллион сўмлик зарар аниқланди.

Мазкур ноқонуний ҳолат бўйича барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилди.

Аввалроқ Бош прокуратура департаментининг 2024 йилдаги тадбирларида электр ва газдан ноқонуний фойдаланиш бўйича 1200 дан ортиқ ҳолат аниқлангани хабар берилганди. Уларда жами 600 млрд сўмлик зарар етказилган.