Тошкент шаҳридаги автобуслардан бирида 4 февраль куни маст эркак вояга етмаган ўғил болага шилқимлик қилди. Пойтахт ИИББ ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, воқеа сешанба куни соат 21:00 атрофида содир бўлган. 1988 йилда туғилган Х.Ғ. Чилонзор тумани ҳудудида ҳаракатланаётган автобус салонида йўловчи сифатида кетаётган болага уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода бир эркак автобусда болакайнинг ёнига келиб ўтиргани ва унга номақбул гаплар айтганини кўриш мумкин. У болани яхши кўриб қолгани, уни ҳаммадан ҳимоя қилишини таъкидлаган ва бўса олишни сўраган. Видеода бошқа йўловчилар кўринмайди. Бола эркакнинг олдидан туриб кетишга бир неча марта уринган, аммо қаршиликка учраган.
Бола ҳодисани видеотасвирга олган. Маст эркак томонидан босим кучаявергач, у автобус ҳайдовчисини ёрдамга чақирган. Улар ўтирган ўриндиқ узоқроқда бўлгани сабабли ҳайдовчи гап нима ҳақида кетаётганини англамаган. Аммо бола ундан ёрдам сўрайвергач, эътибор қаратган. Шундан сўнг эркак болани ҳақоратлаб, транспортдан тушиб кетган.
Ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 129-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчи процессуал тартибда ушланган. Тергов давом этмоқда.