Эрон олий раҳнамоси Али Хоманаийдан ядро қуролини ишлаб чиқишни тақиқловчи фатвони олиб ташлаш талаб этилмоқда. Бу ҳақда The Telegraph хабар берди.
Тегишли талаб Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондонлиги томонидан илгари сурилган. Бунга сабаб сифатида АҚШ президенти Дональд Трампнинг президентликка сайланиши кўрсатилган. Расмийлардан бирига кўра, бу Теҳронни ўта заиф ҳис қилишга мажбур қилган.
“Бу жуда кеч бўлмасидан уни қўлга киритишнинг сўнгги имкониятидир”, дейди нашр манбаси.
Ядро қуроли ва оммавий қирғин қуролларини бегуноҳ одамларга қарши қўллашни тақиқловчи фатво 2005 йилда Али Хоманаий томонидан қабул қилинган. Ўшанда бу МАГАТЭ (Атом энергияси бўйича халқаро агентлик) йиғилишида эълон қилинган.
Сўнгги ойларда Али Хоманаийга ташқи сиёсат йўналишини қатъийлаштириш талаби билан босим кучайиб бормоқда. 2024 йилда ўнлаб Эрон депутатлари Миллий хавфсизлик олий кенгашини ядро сиёсатини қайта кўриб чиқишга чақирди.
Ҳозирда бизда ядро қуролини ишлаб чиқариш учун зарур имкониятлар мавжуд ва ягона тўсиқ — буни тақиқловчи фатвонинг ўзидир, деганди Эроннинг халқаро муносабатлар бўйича стратегик кенгаши раиси Камол Харази.
Ўтган ёзда Эрон ташқи ишлар вазири Али Багери Қани фатвони бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги, у барча ҳокимият органлари томонидан сўзсиз бажарилиши шартлигини айтганди. Эрон мухолифати келажакда фатво ҳуқуқий аҳамиятга эга ҳужжат эмас, балки тавсия сифатида талқин қилиниши мумкинлигидан хавотирда.