• Чт. Мар 20th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда 10−16 февраль кунлари об-ҳаво қандай бўлади? «Dunyouzbeklari.Com» шарҳи


Ушбу шарҳ «Ўзгидромет»нинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.

Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.

Ўзбекистонда ҳафта давомида совуқ ва булутли об-ҳаво муҳити кузатилишини сунъий йўлдош тасвирларидан ҳам тушиниб олиш мумкин. 10 ва 13 ферваль кунлари жанубдан нам ҳаво оқимларининг кириб келиши ортидан, жойларга асосан қор ёғиши тахмин қилинади.

Манба: NASA

Ҳафта иш кунларидаги об-ҳавони марказида атмосфера босими 1030−1035 гПа гача кўтарилувчи антициклонал жараёнлар белгилаб, уларнинг республикадан ўтиши, жараёнлар чеккасида шаклланувчи нам ҳаво оқимлари ортидан жойларда кўп бўлмаган қор ёғишларини прогноз қилиш мумкин.

Душанба куни водий вилоятларидан ташқари барча вилоятларда кундуз куни ҳарорат нол даражадан бироз юқори кутилади холос. Ушбу куни водийда кундузи +10 даражагача илиқ ҳарорат бўлади. Сешанба кунидан бошлаб, республика бўйлаб «кундуз кунлари илиқроқ, кечалари совуқ» тамоилига эга об-ҳаво муҳити таъсирида бўламиз. Ушбу об-ҳаво деярли ҳафтанинг иш кунлари давомида ҳудудларда бир хил сақланади. Фақат аҳоли ҳафта ўрталаридан ҳафта бошларига нисбатан ҳароратнинг бироз юқори кўтарилиб бораётганини танасида ҳис қила бошлайди. Аммо, бу ҳолат тунда ҳароратнинг нолдан бироз паст бўлиши ҳисобига кишилар учун у қадар ижобий илиқлиликни тақдим этмайди.

Манба: Meteoinfo.ruМанба: Meteoinfo.ru

Бир сўз билан айтганда, ҳафта об-ҳавоси совуқ, душанбадан ташқари бошқа кунлари кундузи бироз илиқроқ, кечаси совуқ ҳарорат фонида ўтади. Айрим кунлари жойларга қор ёғади.

Жорий ҳафта газ қувурларида табиий газ босимининг камайиши рўй бериб, бу энергетик тармоқлар учун юкламани оширади. Қор ёғиш кутилмалари ва кундуз куни илиб, кечалари совиб кетиши ҳисобига, жойларда қалин туман ҳодисалари билан биргаликда яхмалак ҳодисалари транспорт тармоқлари ишини бироз оғирлаштиради.

«Ўзгидромет»прогнозига кўра, 10 февраль куни айрим вилоятларда қор ёғади. Ҳаво ҳарорати кундузи водий вилоятларида +10 даражагача илиқ, бошқа вилоятларда +5 даражагача илиқ, тунда шимол ва тоғларда −5…−10 даража совуқ, бошқа ҳудудларда -2 даражадан -7 даража совуқгача ўзгаради. Жойларда туман ҳодисалари кузатилиши мумкин. Жануб ва водий вилоятларида шамол тезлиги сониясига 20 метргача кучаяди.

Синоптиклар 11−13 февраль кунлари 13 февраль куни шимол, жануб виляотлари ҳамда Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Бухоро вилоятларидан ташқари 3 кунликда (11−13 февраль) жойларда республика бўйлаб вақти-вақти билан ёғингарчиликлар (ёмғир-қор) бўлишини, шимол ва тоғларда қор ёғишини маълум қилган. Уларнинг фикрича, 12−13 февраль кунлари навбатдаги нам ҳаво оқимлари кириб келишидан олдин жойларда кучли шамоллар эсиши мумкин.

Ушбу кунлари тунги ҳарорат қийматларида душанба кунига нисбатан ўзгариш бўлмаса-да, кундуз кунлари ҳаво ҳарорати бироз кўтарилиб боришини прогноз қилиш мумкин. Фақатгина водий учун бу қоида тескарисига амал қилади. Водий вилоятларида сешанба-пайшанба кунларидаги ҳарорат муҳити душанбадан анча совуқ бўлади. Шундай қилиб, ушбу кунлари кундузи шимол ва водийда +0…+5 даража илиқ, бошқа ҳудудларда +5…+10 даражагача илиқ ҳарорат кутилади. Туман ҳодисалари бўлиши сақланади.

Жума, шанба ва якшанба кунлари аҳоли жойларда ҳаво ҳароратининг аста-секинлик билан кўтарилиб боришига гувоҳ бўлишади. Энди тунги ҳарорат ҳам ҳафта боши ва ўрталарига нисбатан бироз илиқроқ муҳитга ўта бошлайди. Эҳтимолий, шанба-якшанба кунлари минтақага навбатдаги нам ҳаво оқимлари кириб келиши мумкин.

Шанба ва якшанба кунлари ҳарорат ўзгариши ва ёғингарчиликлар эҳтимоли тўғрисидаги сўнгги маълумотларини «Ўзгидромет»нинг ҳар куни янгиланадиган қисқа муддатли об-ҳаво прогнозлари орқали аниқроқ билиб олиш мумкин.

«Ўзгидромет»нинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, ҳафта (10−16 февраль кунлари) давомида шимол ва водийнинг катта қисмидан ташқари ҳарорат шу даврга хос кўп йиллик ўртача иқлимий муҳитдан совуқ, Бухоро, Самарқанд ва Қашқадарёда янада совуқроқ кутилади. Ёғингарчилик бўйича эса Қорқалпоғистон Республикасининг катта қисми, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятининг айрим ҳудудларида ҳафта давомида шу даврга хос иқлимий меъёрдан кўпроқ, республиканинг бошқа вилотларида эса меъёрий ёғингарчилик кутилади.

Шундай қилиб, ҳафта давомида ёғингарчилик шу давр учун хос меъёр атрофида, ҳарорат бўйича эса меъёрдан паст яъни «совуқ» бўлиши маълум қилинган.

Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири

Жорий иш ҳафтаси об-ҳаво муҳити об-ҳаво ўзгаришларига таъсирчан кишилар саломатлигига у қадар катта хавф туғдирадиган даражага эга эмас.

Чунки, ҳафтанинг иш кунлари давомида марказида атмосфера босими 1022 ва 1035 гПагача бўлган циклон ва антициклон жараёнлари кишилар саломатлигига хавф туғдирувчи вазиятни келтириб чиқармайди. Фақат шанба кунидан бошлаб, марказида атмосфера босими 1010 гПа дан паст жанубдан циклоник жараённинг чиқиб келиш жараёни дам олиш кунлари циклоник жараёнларига таъсирчан кишилар саломатлигида ўзгаришлар бўлишига олиб келиши мумкин. Дам олиш кунлари циклоник нам ҳаво оқимларининг кириб келишидан олдин атмосфера босимининг кескин пасайиб бориши, тунги ҳароратнинг бироз ортиб, ҳавода намлик кўпайиши циклон муҳитини беради. Қон босими, нафас олиш тизими бузилиши, буйрак ва юрак-қон томир касалликлари билан оғриган беморлар бу жараёнларни нисбатан кучли ҳис қилади — уларда нафас олишнинг қийинлашиши, нафас қисиши, ҳавонинг етишмаслиги ва умумий заифлик кузатилади.

Тавсиялар. Циклон пайти қон босимини доимий кузатиб туриш керак. Кўп миқдорда сув ичиш, енгил душ, тинч ва узоқроқ уйқу, шунингдек, тонгда кофе ичиш тавсия этилади. Атмосфера босими паст бўлган вақтда умумий саломатлик учун лимон ўтлари ёки гинсенг (женшень) дамламаси ичиш мумкин.

Биоиқлимий шароитлар

Душанба куни республиканинг катта қисмида аҳоли қалин кийимлар кийиб олишлари тавсия этилади. Ҳафтанинг бошқа кунлари кундузги муддатда ҳаво ҳарорати бироз илиқроқ кузатилиши ҳисобига қўлқоп, шарф ва қалпоқларга эҳтиёж у қадар сезилмаса-да, аммо ҳафта давомида тунги ва тонгги муддатлар учун бундай деб бўлмайди. Пайшанба кунидан бошлаб кундуз кунлари ҳарорат сезиларли юқори кўтарилади. Жума ва шанба кундуз кунлари енгилроқ қалин кийимлар кийишли об-ҳаво муҳити кузатилади.

Ҳафта давомида кутилаётган ёғинлар қор кўринишида бўлиши инобатга олинса, республиканинг кўплаб ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли қор ҳодисаларидан эстетик завқ олишлари мумкин.

Космик таъсирлар

Ўзбекистонликлар ҳафтанинг душанба, пайшанба ва жума кунлари «қизил» ва «сариқ» хавфга эга магнит бўрони қўзғалишларига гувоҳ бўлишлари мумкин. Кўплаб прогноз моделлари Қуёш фотосферасида 8 февраль куни М синфли 3 та чақнаш кузатилганини кўрсатмоқда. Ушбу чақнашлардан ажралган плазма икки ёки уч кунларда сайёрамиз магнитосферасига урилиб, Ерда магнит бўронларини келтириб чиқариши мумкин.

Манба: Xras.ruМанба: Xras.ru

Қозоғистондаги Ионосфера институти эълон қилган геомагнит бўрони прогнозида ҳам иш кунлари боши ва ўрталарида об-ҳаво ўзгаришларига мойил кишилар саломатликка бироз хавф туғдир «сариқ» даражадаги, яъни кучсиз қўзғалишлар билан рўбарў келиши қайд этилган.

Манба: Ionos.kzМанба: Ionos.kz

Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқ.

Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши

Жума-шанба кунлари ҳаво ҳароратининг кундуз кунлари учун бироз юқори кўтарилиши пастдан юқорига кўтарма куч ҳисобига ҳавода майда дисперс заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш даражаси бироз ортишини келтириб чиқариш мумкин. Бошқа кунлари кўп эҳтимол ҳавонинг табиий ифлосланиши учун об-ҳаво шароити у қадар қулайлик яратиш хусусиятига эга эмас. Аммо, ҳароратнинг совиши ҳудудларда антропоген ифлосланишнинг ортиши ва Қуёш ботгач ҳамда қуёш чиққач ҳавода хираликни бироз ортишига олиб келиши мумкин. Ҳафта давомида қор ёғиши ҳисобга олинса, ҳаво ифлосланиши жойларда узоқ вақт давом этмайди.

Ҳавода майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш ортган пайтда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги борасида Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тавсиялар тайёрлаган.

Шундай қилиб, 10 февралдан 16 февралгача келаётган етти кунликда об-ҳаво бўйича энг қулай кунлар сешанба, чоршанба ва пайшанба бўлиб, иқлимий ўзгаришларга мойил кўпчилик шу кунларда ўзини нисбатан енгилроқ ҳис қилиши кутилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *