Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни атом энергетикаси соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хабарда таъкидланишича, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг ўсиб бораётган эҳтиёжини таъминлаш учун Ўзбекистонда энергетиканинг барча манбалари ишга солинмоқда. Хусусан, анъанавий генерациядан ташқари, сўнгги йилларда қарийб 4 гигаваттли муқобил қувватлар ишга туширилган ва «яшил» энергия улуши 16 фоизга етган.
Келгуси беш йилда яна 25 гигаваттли қайта тикланувчи энергия манбалари қуриш режадаштирилган. Буларнинг ҳисобига йилига 64 миллиард киловатт соат «яшил» энергия олинади. Умуман, 2030 йилга бориб, мамлакатда жами генерацияда «яшил энергия» улушини 50 фоиздан ошириш мақсад қилинган.
Айни пайтда рақамли технологиялар, электромобиллар, электр жиҳозлар, сунъий интеллект, майнинг каби тармоқларнинг ривожланиши энергияга бўлган талабни кескин оширмоқда, қайд этди президент офиси. Шу боис кўплаб давлатлар янги турдаги энергия қувватларига ўтиш йўлларини изламоқда. Ер қаъридан қазиб олинадиган ёқилғилар ўз ўрнини қайта тикланувчи манбаларга бўшатиб бермоқда. Жумладан, ҳозирда дунёдаги жами генерациянинг 42 фоизи муқобил энергияга тўғри келади.
«Узоқ йиллик қувватларни барпо этишда атом энергетикаси мақбул ҳисобланади. Ҳозирги кунда дунёда 375 гигаваттли 417 та атом реакторлари ишлатилмоқда. Яна янги станциялар қуриляпти, кўп давлатлар атом энергетикасини ўзининг ривожланиш стратегиясига киритяпти», — дейилади хабарда.
Мамлакатда уран захираси борлигидан фойдаланиб, узоқ муддатга мўлжалланган қувват ташкил этиш режалаштирилган. Хусусан, кичик қувватли реакторлар қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилди. 2024 йил 5 декабрда Самарқанд шаҳрида атом энергиясидан фойдаланиш масалалари бўйича халқаро конференция ўтказилди.
Йиғилишда мутасаддилар атом энергетикасини ривожлантириш бўйича қилинаётган ишлар бўйича ахборот берди. Давлат раҳбари бўлажак станция ва тизимда ишлайдиган мутахассисларни ҳозирдан тайёрлаш, хавфсизликни Халқаро атом энергияси агентлиги талаблари даражасида таъминлаш бўйича топшириқлар берди. Бундай технологиялар иқтисодиёт рақобатдошлигини ошириб, узоқ муддатли ўсиш суръатлари учун муносиб замин яратади, деди у.