• Чт. Мар 20th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

️Маърифий фаолиятни амалга ошириш тартиби белгиланди



Ҳукумат қарори билан ни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб хабар берди Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали.

️Низом маърифий фаолиятни амалга ошириш тартиби ва шаклларини белгилайди ҳамда қуйидагиларни назарда тутади:

  • маърифий фаолиятни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари ҳамда ушбу фаолиятни амалга оширувчиларга нисбатан қўйиладиган талаблар;
  • маърифий фаолиятни амалга ошириш шакллари (маъруза, тақдимот, семинар, маҳорат дарси, курс, лекция, марафон, давра суҳбатлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа шаклларда, бевосита ёки онлайн, якка тартибда ёки гуруҳларда, пулли ёки бепул);
  • маърифий фаолиятни амалга ошириш тартиби, шу жумладан, ушбу фаолият тингловчилари орасида вояга етмаган шахс мавжуд бўлса, мажбурий тартибда маърифий фаолият дастурини ишлаб чиқиш талаби;
  • маърифий фаолият иштирокчиларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва маърифий фаолиятни амалга оширишда тақиқланадиган хатти-ҳаракатлар.

Ҳужжатга мувофиқ, маърифий фаолият билан юридик шахс ташкил этиб ёки ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтиб шуғулланиш мумкин.

Маърифий фаолият билан ёзма ёки электрон шаклда тузиладиган шартномага мувофиқ пулли асосда шуғулланилади. Бундан ташқари, 14 ёшдан кичик шахсларнинг маърифий фаолият тадбирларида тингловчи сифатида иштирок этишига уларнинг ота-онаси (қонуний вакиллари) ёзма розилиги билан йўл қўйилади.

Ўтган йил ноябрь ойида маърифий фаолиятни амалга ошириш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланганди. Унга кўра, хусусан, жиноят иши бўйича айбланувчи тариқасида жалб қилинган, руҳий ёки наркологик муассасаларда ҳисобда турган шахслар маърифий фаолиятни амалга ошира олмайди.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 23 июль куни бўлиб ўтган мажлисида «Таълим фаолиятини тартибга солиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинганди. «Миллий тикланиш» партияси томонидан ишлаб чиқилган ташаббус маъруза ўқиб, осон пул топиш йўлларини ўргатишга ваъда берган шахсларга қарши курашишга қаратилган.

ЎзЛиДеП депутати Шаҳноза Холмаҳаматова сўнгги йилларда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида «носоғлом маърифий ишлар» кўпайганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, бундай тадбирларда кўпхотинлилик, жинсий камситиш, феминизм, ахлоқий бузуқлик, ҳуқуқбузарликлар тарғиб қилиниб, тингловчилар онгини манипуляция қилиш ҳолатлари кўпаймоқда.

Олий Мажлис Сенати 20 сентябрдаги йиғилишида маърифий фаолиятни тартибга солиш тўғрисидаги қонунни маъқуллаган. Маърифий фаолиятнинг республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жисмоний ва юридик шахслар томонидан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган талабларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *