Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида тадбиркор электр ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатгани ва ресурслардан ноқонуний фойдалангани аниқланди, деб хабар берди «Миллий электр тармоқлари».
Назорат тадбирида якка тартибдаги тадбиркор ўзига қарашли савдо ва хизмат кўрсатиш биносида электр ҳисоблагичнинг уланиш схемасини ўзбошимчалик билан ўзгартиргани маълум бўлди.
Қоидабузарлик оқибатида электр таъминоти корхонасига 1 млрд 337 млн сўмлик зарар етказилган.
Бошқа ҳолатда Фарғона шаҳридаги умумий овқатланиш масканида табиий газдан фойдаланиш ҳолати хатловдан ўтказилди. «Ҳудудгазтаъминот» хабарига кўра, ўрганиш жараёнида корхона носоз газ ҳисоблагич орқали табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келган.
Ҳолат бўйича тегишли тартибда далолатнома тузилиб, 1 млрд 151 млн сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Ушбу ҳолатлар юзасидан барча материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.