Тошкент шаҳрида 2024 йилда 1280 та йўл-транспорт ҳодисаси расман қайд этилди. Бу ҳақда Халқ депутатлари пойтахт кенгаши томонидан 10 февраль куни имзоланган қарорда сўз боради.
Маълум қилинишича, ўтган йилда содир бўлган авариялар ортидан 1189 киши жароҳатланган, 91 киши вафот этган. ЙТҲларнинг 720 таси пиёдалар билан, 98 таси эса тезлик билан боғлиқ.
Ҳужжатда таъкидланишича, ушбу статистика, ўз навбатида, мазкур муаммоли масалага жиддий эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Шу боис кенгаш депутатлари Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси олдига 2025 йилда пойтахт кўчаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш учун бир қатор вазифаларни қўйган.
Унга кўра, ЙҲХБ:
- йўл-транспорт инфратузилмаси талабига жавоб бермайдиган кўчалар ва чорраҳалар рўйхатини шакллантириб, камчиликларни бартараф этиш бўйича масъул ташкилотларга таклиф киритиши;
- шаҳар кўчаларида транспорт ва пиёдалар оқими, пиёдалар билан боғлиқ содир этилган ЙТҲларни пухта таҳлил этиш, авариянинг ўчоқ нуқталарини аниқлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш бўйича қўшимча чораларни кўриши керак.
Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ЙҲХБ билан ҳамкорликда таълим муассасаларида йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш синфхона ва майдончаларини ташкил этиш бўйича Тошкент шаҳрида жами 87 та мактаб учун ва 120 та мактабгача таълим ташкилотларида талаб этиладиган эҳтиёжни ўрганиб чиқади.
Қарорда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Тошкент шаҳар бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 10 та кўчма фоторадар қурилмасини харид қилиш бўйича ишлаб чиқиши кераклиги қайд этилган.
Бундан ташқари, вояга етмаганлар иштирокидаги ЙТҲларни олдини олиш мақсадида 2025 йил давомида пойтахт кўча ва йўлларидаги 12 та жойга қавариқ пиёдалар ўтиш жойларини ташкил қилиш белгиланмоқда.
Кенгаш депутатлари йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва Тошкент шаҳрида қўллаш мақсадида Варшава, Копенгаген, Амстердам каби шаҳарларга ташриф уюштириш имкониятларини ўрганиб чиқишни тавсия қилган.