Ушбу шарҳ «Ўзгидромет»нинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.
Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.
Ўзбекистонда жорий ҳафтанинг сешанба-чоршанба кунлари Бухоро, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида бироз ёғингарчиликлар бўлиши мумкин. Ушбу нам ҳаво оқимлари Туркманистон ҳудудларидан кириб келувчи атмосфера жараёнларига бевосита боғлиқ. Аммо унинг ёғин улашиш «қуввати» у даражада кўп эмас.
Манба: NASA
Умуман олганда, ҳафта давомида Ўзбекистонда аста-секин юқори кўтарилиб бориш хусусияти эга об-ҳаво кутилади. Пайшанбага қадар жойларда ҳарорат кундузи +18 даражагача, пайшанба-жума кунлари эса +20 даражагача илиқ бўлиши прогноз қилинмоқда. Тунги ҳароратнинг ҳам кўтарилиб бориши худди баҳор бошларида кузатиладиган илиқ ҳарорат муҳитини тақдим этади.
18 ва 19 февраль кунлари айрим ҳудудларда кузатилиши тахмин қилинаётган қисқа муддатли ёғингарчилик ҳисобга олинмаса, Ўзбекистонда якшанбага қадар ёғингарчилик кутилмайди. Ҳафта охирида минтақага навбатдаги нам ҳаво оқимлари кириб келиши фонида мамлакатнинг аксарият қисмида ёғингарчиликлар кузатилишини тахмин қилиш мумкин.
Қишки «бир исиб бериш» тамойили ортидан совиш ҳодисалари бўлиши муқаррар бўлгани каби, февралнинг охирги ҳафтасида ҳам Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг яна пасайиб кетиши метеорологик хариталарда ҳам кўриниб турибди.
Манба: Meteoinfo.ru
Оддий қилиб айтганда, ҳафта об-ҳавоси илиқ (ҳафтанинг иккинчи ярмида иссиқ ҳатто), иш кунлари эса (айрим вилоятларда сешанба ва чоршанба кунлари бўладиган қисқа муддатли ёғингарчилик ҳисобга олинмаса) ёғингарчиликларсиз ўтиши кутиляпти.
Жорий ҳафта энергетика тармоғида газ қувурларидаги босимга об-ҳаво таъсири камроқ бўлади. Пайшанбадан водий вилоятларидаги метан газ-заправкалари фаолиятида ҳам, катта эҳтимол билан, барқарорлик кузатилиши мумкин. Қишлоқ хўжалиги тармоғида эса жанубий вилоятлардаги баҳорий илиқлилик сабаб, дов-дарахтларда эртароқ уйғониш даври кузатилиши мумкин.
«Ўзгидромет» прогнозига кўра, 17 февраль куни жойларда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кундузи шимол ва водий вилоятларида +11 даражагача, бошқа вилоятларда +10…+15 даражагача, жанубий вилоятларида +17 даражагача илиқ, тунда шимол ва тоғларда −3…−8 даражагача совуқ, бошқа ҳудудларда -2 даража совуқдан +5 даража илиқгача ўзгаради. Жойларда туман ҳодисалари кузатилиши мумкин.
Синоптиклар 18−20 февраль кунлари ҳароратнинг аста кўатирилиб бориши, 18−19 февраль кунлари Бухоро-Навоий ҳамда жанубий вилоятларида, 19-февраль куни Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ҳам бироз ёғингарчиликлар бўлишини маълум қилган. Ёғинлар жойларда ёмғир кўринишида кузатилади. Ушбу кунлари тоғларда унча кўп бўлмаган ёмғир-қор кўринишида ёғингарчиликлар бўлади. Бошқа кунлари ёғингарчилик кутилмайди. 18 февраль куни водий вилоятларидан ташқари жойларда шамол тезлиги сониясига 18 метргача кучайиши тахмин қилинган.
Сешанба кунидан бошлаб марказий ҳудудларга нам ҳаво оқимининг кириб келиши тунги ҳароратнинг ҳам сезиларли юқори кўтарилишига олиб келади. Ҳатто, шимол ва тоғли ҳудудларни ҳисобга олмаса, республика бўйлаб тунги минимум ҳарорат нол даражадан юқори кузатилади. 18−19 февраль кунлари шимол ва тоғлардан ташқари жойларда ҳарорат +10…+15 даража, 20 февраль куни эса +20 даражагача юқори кўтарилади. Ушбу кунлари айрим ҳудудларда туман ҳодисалари кузатилиши мумкин.
Манба: Windy
Жума, шанба ва якшанба кунлари аҳоли жойларда ҳаво ҳароратининг янада юқори кўтарилиб боришига гувоҳ бўлишади. Энди тунги ҳарорат ҳам кўтарилиб, кишилар учун худди баҳорий илиқлиликни тақдим этади. Эҳтимол, шанба-якшанба кунлари минтақага навбатдаги нам ҳаво оқимлари кириб келиши кутилади. Якшанба куни жойларда ҳароратнинг сезиларли пасайиб кетишини тахмин қилиш мумкин.
Шанба ва якшанба кунлари ҳарорат ўзгариши ва ёғингарчиликлар эҳтимоли тўғрисидаги сўнгги маълумотларини «Ўзгидромет»нинг ҳар куни янгиланадиган қисқа муддатли об-ҳаво прогнозлари орқали аниқроқ билиб олиш мумкин.
«Ўзгидромет»нинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, ҳафта (17−23 февраль кунлари) давомида Ҳисор тоғ тизмаларидан ташқари жойларда ҳарорат шу даврга хос ўртача иқлимий қийматдан 1−3 даража юқори бўлиши прогноз қилинган. Ёғингарчилик бўйича эса шимол учун шанба-якшанба кунлари кутилаётган ёғингарчиликлар ҳисобига Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида етти кунликда шу даврга хос иқлимий меъёрдан кўпроқ, Навоий, Самарқанд вилоятлари ҳамда Қашқадарё-Бухоро вилоятининг айрим ҳудудларида меъёрий, Сурхондарё, Жиззах, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона водий вилоятларида меъёрдан анча кам ёғингарчиликлар кутилади. Тоғларда эса яна ҳам қуруқ ҳафта ўтиши ойдинлашган.
Манба: ECMWF
Манба: ECMWF
Шундай қилиб, ҳафта давомида ёғингарчилик республика ҳудуди бўйлаб умумий тақсимотда шу давр учун хос меъёр атрофида, ҳарорат бўйича эса меъёрдан юқори яъни «иссиқ» бўлиши маълум қилинган.
Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири
Жорий иш ҳафтаси об-ҳаво муҳити об-ҳаво ўзгаришларига таъсирчан кишилар саломатлигига у қадар катта хавф туғдирадиган даражага эга эмас.
Чунки, ҳафтанинг дам олиш кунларидан ташқари беш кунликда республика ҳудудларида шу мавсумга хос атмосфера босими кутилади. Бошқача айтганда, ҳафтанинг иш кунлари айнан атмосфера босимининг ўзгаришлари билан боғлиқ вазият саломатлигимизга таъсир этмайди. Аммо, ҳафтанинг ўрталаридан ҳароратнинг кўтарилиши, кишиларда бироз кислород етишмовчилиги, умумий ланжликни келтириб чиқаради.
Дам олиш кунлари эса, навбатдаги совуқ ва нам ҳаво оқимларининг минтақага шамоллар билан кириб келишида «барик тубсизлик2 ҳодисасининг паст даражалари кузатилиши, бу об-ҳаво ўзгаришларига мойил айниқса, қон босими касаллиги билан оғриган кишилар саломатлигида ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Ҳароратнинг кўтарилиши билан боғлиқ кислород етишмовчилиги ҳамда «барик тубсизлик» ҳолатига таъсирчан кишилар ўз саломатлигида ўзгаришлар сезсаларолдинги материалдаги тавсияларга амал қиилишлари керак бўлади.
Биоиқлимий шароитлар
Кутилаётган ҳафта об-ҳавоси шимол ва тоғлардан ташқари ҳуддики, баҳорий об-ҳаво муҳитини тақдим этгани учун кишиларнинг жуда қалин кийимлар кийиб олишига эҳтиёж бўлмайди. Қолаверса, тунги ва тонгги муддатларда ҳароратнинг нол даражадан анча юқори кузатилиши, ҳатто ўрта ва кекса ёш қатламнинг бош кийимларсиз ҳаракатланишига имкон яратади. Ҳатто пайшанба кунидан бошлаб кундузги муддатларда кишилар енгил кийимлар кийиб олишлари ҳам мумкин бўлади.
Шимол ва тоғларда эса кунудузги муддатларда қуёшнинг заррин нурлари ҳароратни ҳис қилишни реал ҳарорат қийматидан юқорироқ ҳис қилинишига олиб келсада, кечги, тунги ва тонгги муддатлар учун бундай деб бўлмайди. Бу пайтлари кишилар қалинроқ кийимлар кийиб олишлари тавсия этилади.
Космик таъсирлар
Ўзбекистонликлар ҳафтанинг душанба куни»сариқ» хавфга эга магнит бўрони қўзғалишларига таъсирига тушишлари мумкин. Ҳафтанинг бошқа иш кунларида эса «яшил» хавфсиз даражадаги магнит бўронлари кузатилиши прогноз қилинмоқда. Кўплаб прогноз моделлари 15−16 февраль кунлари Қуёш фотосферасида М ёки Х синфли қуёш чақнашлар кузатилмаганини кўрсатмоқда. Демак, сешанба ёки чоршанба куни сайёрада эҳтимолий кучли магнит бўрони қўзғалишлари рўй бермайди.
Манба: Xras.ru
Қозоғистондаги Ионосфера институти эълон қилган геомагнит бўрони прогнозида ҳам душанба куни об-ҳаво ўзгаришларига мойил кишилар саломатликка бироз хавф туғдирувчи «сариқ» даражадаги, яъни кучсиз қўзғалишлар билан рўбарў келиши қайд этилган. Бошқа кунлари эса кишилар айнан мана шу космик таъсирлардан азият чекмасликлари келтирилган.
Манба: Ionos.kz
Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқ.
Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши
Жорий ҳафта республика бўйлаб антициклон жараён кутилмалари мавжуд эмас. Ва бу ҳавонинг айнан об-ҳаво ўзгаришлари сабаб узоқ муддат ифлосланишига олиб келмайдиган об-ҳаво муҳитини тақдим этади. Аммо, сешанба ва дам кунлари минтақага нам ҳаво оқимларининг кириб келишидан олдин кузатиладиган фронтолд шамоллари ҳавода майда дисперс зарачалари ортишига олиб келиши ҳамда қисқа муддатли ҳаво ифлосланишлари рўй бериши мумкин.
Ҳавода майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш ортган пайтда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги борасида Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тавсиялар тайёрлаган.
Шундай қилиб, 17 февралдан 23 февралгача келаётган етти кунликда об-ҳаво бўйича энг қулай кунлар душанба ва чоршанба бўлиб, иқлимий ўзгаришларга мойил кўпчилик шу кунларда ўзини нисбатан енгилроқ ҳис қилиши кутилмоқда.