Тошкент вилоятидаги Товоқсой қамоқхонаси — 7-сон жазони ижро этиш колониясида маҳкумни девор босиб қолди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 1983 йилда туғилган фуқаро М.Т. (маҳкум) 11 февраль куни бир қаватли бинонинг деворларини бузаётган вақтида устига девор қулаган. У дарҳол шифохонага етказилган.
Бироқ шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан маҳкум 16 февраль куни (орадан 5 кун ўтиб) шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда Тошкент махсус прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
