АҚШ президенти Дональд Трамп Европа Иттифоқидан импорт қилинадиган барча товарларга 25 фоизлик божлар жорий этишни режалаштираётганини айтди. Бу ҳақда у 26 февраль куни биринчи кабинет (Вазирлар Маҳкамаси) йиғилишида гапирди, деб ёзди Reuters.

«Биз бир қарорга келдик, буни тез орада эълон қиламиз, улар [тарифлар] умумий айтганда 25 фоиз бўлади ва улар автомобилларга ҳамда бошқа барча нарсаларга таалуқли бўлади. Мен Европа давлатларини яхши кўраман. Мен аслида ҳамма мамлакатларни кўп нарса учун яхши кўраман, лекин Европа Иттифоқи АҚШ „кийдириш“ учун яратилган ва улар буни яхши уддалашди. Лекин ҳозир мен президентман», — деди Трамп.

Трамп, шунингдек, Канада ва Мексикадан импорт қилинадиган барча товарларга 25 фоизлик тарифлар 2 апрелдан кучга киришини айтди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп 4 февралдан бошлаб Канада ва Мексикадан товарлар импортига 25 фоизли, Хитойдан эса 10 фоизли божлар жорий этиш билан таҳдид қилганди. Улар кучга киришидан бир неча соат олдин Мексика ва Канада Қўшма Штатлар билан чегарани мустаҳкамлашга ваъда бериб, АҚШ билан божларни кечиктиришга келишиб олди. Хитой бунга жавобан АҚШдан суюлтирилган газ, кўмир, қишлоқ хўжалиги техникаси ва бошқа маҳсулотларга бож жорий қилди.