Шавкат Мирзиёев 24 февраль куни «Статистика ишларини ташкил этиш ва юритиш тизимини янги босқичга олиб чиқиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни қабул қилди.
Фармонга кўра, президент ҳузуридаги Статистика агентлиги Миллий статистика қўмитаси сифатида қайта ташкил этилади.
Статистика ишлари самарадорлигини янада оширишнинг қуйидаги устувор йўналишлари белгиланди, жумладан:
- макроиқтисодиёт ва тармоқлар даражасида статистик кузатув ўтказиш тизимини ҳамда уларнинг методологиясини халқаро стандарт ва тавсияларга мувофиқ такомиллаштириб бориш;
- интеграция жараёнларини кенгайтириш орқали статистик ҳисоботларни қисқартириш ва бизнесга ҳисобот топшириш юкини камайтириб бориш;
- «маҳалладан — республикагача» тамойили бўйича статистик кўрсаткичларни шакллантириш тизимини яратиш орқали маълумотларнинг ишончлилигини таъминлаш.
2025 йил якунигача «Ҳудудлар статистикаси» ахборот тизими ишга туширилади.
2025 йил якуни бўйича ҳисобот давридан бошлаб ходимлар сони йиллик ўртача 5 кишидан кам бўлган ва йиллик тушуми БҲМнинг 2000 баробаригача бўлган микрофирма ва кичик корхоналар учун йиллик статистика ҳисоботини топшириш мажбуриятини бекор қилиб, ҳар уч йилда бир маротаба статистик ҳисобот топширилиши белгиланди.
Фармонга кўра, статистика органларида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда 2026 йил 1 январдан қуйидаги интерактив хизмат турлари жорий этилади:
- ҳисоботларни топширишда корхона ва ташкилотларга маслаҳат берувчи «Маслаҳатчи» сунъий интеллектга асосланган интерактив хизмати;
- фойдаланувчиларга статистик маълумотларни тез излаб топишга кўмаклашувчи «Таҳлилчи» сунъий интеллектга асосланган консультатив хизмати;
- статистик кузатувларни телефон ёрдамида ўтказиш имконини берувчи call-марказ фаолияти.
2025/2026 ўқув йилидан Миллий статистика қўмитасида Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Иқтисодий статистика кафедраси филиали ташкил этилади.
2025 йил 1 июлдан ЯТТларни давлат рўйхатидан ўтказишни улар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари ҳамда иқтисодий фаолият турларининг умумдавлат таснифлагичи асосида амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 21 декабрь кунги фармони билан Давлат статистика қўмитаси 2023 йил 1 январдан Статистика агентлиги шаклида қайта ташкил этилиб, президент ҳузурига ўтказилганди.