Ўзбекистонда Италия инвесторлари кўмагида нок, ёнғоқ ва помидор етиштириш ҳамда қайта ишлаш заводлари ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
«Шунингдек, қаттиқ буғдой экиб, макарон ишлаб чиқариш лойиҳаларини ҳам амалга ошириш режалаштирилмоқда», — деди вазир.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Япония билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Жумладан, президент Сирдарё вилоятида 10 гектар майдонда тажриба тариқасида киви етиштиришни қўллаб-қувватлаган ва бу плантацияларни бошқа вилоятларда ҳам кенгайтириш топшириғини берган. 2021 йилда EastFruit портали Шуҳрат Умаров Фарғона вилоятида киви қандай етиштираётгани ҳақида хабар берган эди.
Япония билан ҳамкорлик доирасида мош экспорти бўйича ҳам шартномалар имзоланди. Келгусида ушбу маҳсулотларни етказиб бериш ҳажмини ошириш режа қилинган.
Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йилда Ўзбекистон 11,7 минг тонна киви импорт қилган, бу 2023 йилга нисбатан қарийб 1,5 баробар кўпдир. Етказиб бериш ҳажми 29,2 фоизга — 3,97 млн доллардан 5,1 млн долларгача ошган.
Бундан ташқари, қуйидагилар импорт қилинди:
- 62,9 млн долларлик 167,7 минг тонна банан (ўсиш 25,6 фоиз);
- 30,1 млн долларлик 113,5 минг тонна мандарин (1,4 баробар);
- 29 млн долларга 99,8 минг тонна олма (4,1 баробар).
Президент 3 март куни аграр соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича тақдимот билан танишганди. Юқори Чирчиқ туманида Хитой тажрибаси асосида 200 млн доллар инвестиция билан уруғчиликни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. 200 нафар ёшни Италия олийгоҳларига юбориш орқали кадрлар малакасини ошириш кўзда тутилган.