30 октябрь куни Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги «Тошкент инвест» компанияси пойтахтга тўртта кириш дарвозаси бўйича концепция лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича очиқ халқаро танлов бошланганини эълон қилганди. Уларни шаҳарнинг Роҳат, Бектемир, Эркин ва Учқаҳрамон постлари ҳудудида ташкил этиш режалаштирилган эди. Компания эълондан бир ой ўтиб ғолибни аниқлаш ниятида эди.
«Биз шу йилнинг ўзида қурилиш ишларини бошлашни режалаштирганмиз», — таъкидлаганди компания.
Орадан 3 ой ўтди, аммо ҳалигача «Тошкент инвест» танлов натижаларини эълон қилмади. «Шаҳарсозлик тўлқини» Ўзбекистон ёш архитекторлар уюшмаси аъзоларининг фикрича, якуний натижани айтмаслик — мамлакат давлат органлари ўтказадиган архитектура танловлари учун одатий ҳол.
«Dunyouzbeklari.Com» мухбири Дилявер Аблякимов танлов иштирокчилари билан саралаш босқичлари қандай ўтгани ва танлов ташкилотчилари бу сукутни қандай изоҳлаётгани ҳақида суҳбатлашди.
«Тошкент инвест» танловни эълон қилиш вақтида у ЮНЕСКО тавсиялари асосида ташкил этилиши ва ғолиблар тақдирланишини таъкидлаган. Муассис биринчи ўрин учун 100 миллион сўм, иккинчи ва учинчи ўрин учун мос равишда 50 миллион ва 30 миллион сўм ваъда қилган. Компанияга ариза топшириш учун бор-йўғи саккиз кун вақт бўлган.
«Ариза топширишда аввалдан устида ишланган бешта лойиҳадан иборат портфелни илова қилиб, лойиҳа қандай кўринишда бўлиши, унинг замирида нималар ётиши ҳақидаги тасаввурга эга иншо ёзишимиз керак эди», — дейди танлов иштирокчиларидан бири, Minar Arch Concept дизайн компанияси раҳбари Камолиддин Мамадалиев.
Иштирокчиларнинг сўзларига кўра, ариза топшириш босқичида ташкилотчилар Telegram ва электрон почта орқали келган хабарларга ўз вақтида жавоб берган.
Parallel architects бюроси бош архитектори Фаррух Шараҳмедовнинг маълум қилишича, ариза топшириш муддати тугагандан сўнг «Тошкент инвест» биринчи босқич финалчилари билан видеоконференция ўтказган. Компания вакиллари 600−700 та жамоа ариза топширгани, улардан «8 дан ортиқ» жамоа танланганини айтган. Улар орасида Туркия ва Россиядан келган халқаро иштирокчилар ҳам бўлган. Онлайн йиғилишда ташкилотчилар сараланган лойиҳа таклифлари 2025 йилда амалга оширила бошлашини маълум қилган. Танлов финалчиларига Тошкент дарвозалари лойиҳасини ишлаб чиқиш учун икки ҳафта вақт берилган.
Камолиддин Мамадалиев бу каби йирик лойиҳа учун бу жуда қисқа муддат эканини таъкидлади.
«Бундан ташқари, тўртта манзил учун концепцияларни тайёрлаш керак эди, бу аслида тўртта алоҳида лойиҳани ишлаб чиқишни англатади. Одатда бундай миқёсдаги иш камида бир ой давом этади», — деди у.
Камолиддин Мамадалиев жамоасининг эскизи.
«Талаблар, дастлабки маълумотлар каби, жуда ноаниқ эди, лекин ташкилотчилар бу, биринчи навбатда, ғоялар беллашуви эканини ва ғолиб билан янада батафсилроқ иш олиб борилишини таъкидлади», — деди исми сир қолишини истаган танлов иштирокчиларидан бири.
Фаррух Шараҳмедовнинг сўзларига кўра, эскизларни ишлаб чиқиш билан боғлиқ барча масалалар умумий Telegram чатида ҳал этилган. «Тошкент инвест» вакиллари оператив жавоб берган. Лойиҳалар 30 ноябргача қабул қилинган.
««Тошкент инвест»нинг айтишича, баъзи финалчиларнинг илтимосига кўра улар лойиҳаларни топшириш муддатини 1 декабргача узайтирган, — деди Камолиддин Мамадалиев, — Натижалар 2 декабрда эълон қилиниши керак эди, аммо бу амалга ошмади».
Иштирокчилардан бири ишлар топширилгач, танлов финалчилари гуруҳидаги ягона билдиришнома аввалига кейинга сурилиб, кейин доимий равишда бузилган натижаларни сарҳисоб қилиш муддатлари бўлганини таъкидлади.
Камолиддин Мамадалиев 30 ноябрдан кейин танлов натижалари ҳақида ҳам, унинг кейинги кечиктирилиши ёки узайтирилиши ҳақида ҳеч қандай маълумот олмаган. Унинг сўзларига кўра, «Тошкент инвест» компаниясининг расмий сайтида илгари танлов ҳақида маълумот бўлган саҳифа энди ишламаяпти.
Иштирокчилардан бирининг айтишича, охирги марта муддатлар 15−20 январь кунлари белгиланган, аммо ўшанда ҳам ғолиб аниқланмаган.
Кейинроқ «Тошкент инвест» вакиллари саналар нега кейинга сурилаётгани ва нега ҳалигача ғолиб аниқланмаганини тушунтирмасдан гуруҳни тарк этди, дейди танлов иштирокчилари.
«Мен ташкилотчилар билан кўп марта боғланишга ҳаракат қилдим. Бироқ аввал гуруҳда саволларга жавоб берган ходимлар ҳозирда «Тошкент инвест»да ишламаслигини маълум қилди. Кейинроқ билдимки, улар ҳақиқатан ҳам компаниядан бўшатилган», — дейди Камолиддин Мамадалиев.
17 февраль куни Фаррух Шараҳмедовга «Тошкент инвест» компаниясидан электрон хат келган. Компания танлов натижалари ҳақида батафсил ва аниқ маълумот бера олмаслигини ва муаммони ҳал қилишини маълум қилган. Ўшандан бери компаниядан ҳеч қандай хабар йўқ.
Фаррух Шараҳмедов жамоасининг дарвоза эскизи.
Шу куни Камолиддин Мамадалиев ушбу масала юзасидан «Тошкент инвест» офисига ташриф буюрган.
«Мен компания директори Баҳром [Шокиров] („Тошкент инвест“ бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи — таҳр.) билан учрашдим, бироқ уларнинг танлов ва унинг натижаларига бефарқлиги мени ҳайратда қолдирди. Улар: „Биз лойиҳаларни Тошкент шаҳри ҳокимлигига тақдим этдик, улар ғолибни аниқлаши керак. Биз ҳам кутяпмиз. Натижаларни олишимиз биланоқ маълум қиламиз“, — деб айтди», — дейди Камолиддин Мамадалиев.
Фаррух Шараҳмедовнинг фикрича, Тошкент ҳокимлиги танловни тўхтатган.
«Улар ҳеч қандай сабаб кўрсатмаяпти, ҳамма жим. Классика — бутун дунё учун халқаро танлов эълон қилишди, натижаларни эълон қилиш вақти келганда эса шунчаки тормозни босишди. „Тошкент инвест“ шаҳар ҳокимлигига йўналтиради: улар билан ўзинг шуғуллан, дейишади».
«Улар молиявий ёки бошқа сабаблар билан халқаро танлов ўтказиш ҳақидаги фикрларини ўзгартирган бўлиши мумкин, аммо буни аллақачон танлов аризалари олинганидан кейин қилди, бу эса бир нечта профессионал жамоаларнинг ишини англатади, улар энди ўз меҳнатлари учун ҳеч қандай эътироф этилмайди ёки ҳатто лойиҳани ўз портфелига киритиш имкониятига ҳам эга бўлмайди, чунки танлов ташкилотчилар хатти-ҳаракати туфайли ўз-ўзидан дисквалификация қилинди», — дея қўшимча қилди танлов иштирокчиларидан бири.
Камолиддин Мамадалиевнинг айтишича, у деярли барча иштирокчилар билан боғланган.
«Уларнинг барчаси норози эди, айниқса чет эллик иштирокчилар. Улар бу даражадаги ташкилотчиликдан ҳайратда қолди ва энди Ўзбекистондаги мусобақаларда қатнашмасликларини айтди. Бундай ёмон ташкил этилган танловлар, афсуски, Ўзбекистоннинг халқаро обрўсига путур етказмоқда», — дейди Minar Arch Concept дизайн компанияси раҳбари.
Камолиддин Мамадалиев жамоасининг дарвоза эскизи.
Аноним қолишни истаган иштирокчилардан бири архитекторлар учун очиқ халқаро танловларнинг улкан имкониятларини қайд этди. Улар арзон нархларда шаҳар ва мамлакатга эътиборни жалб қилиш ва рамзий объектларни яратишга имкон беради. Танловлар узоқ муддатли истиқболда сайёҳлар ва инвестициялар ҳажмини ошириши мумкин. Бундай лойиҳалар ва танловларнинг амалга оширилиши туфайли шаҳар аҳолиси қулай муҳитга эга бўлиши мумкин.
«Шу билан бирга, бу механизм репутация билан жуда эҳтиёткорона ишлашни талаб қилади. Қарорлар қабул қилиш ва ваъдаларни бажаришда очиқлик ва изчиллик — нафақат битта танлов, балки ушбу амалиётни кейинчалик қўллаш муваффақиятининг калити. Тўғри бажарилган процедура ташкилотчиларнинг — ҳозирги ҳолатда, шаҳарнинг обрўсига ижобий таъсир кўрсатади. Тартибни бузиш обрўга путур етказади. Ва „бўрилар“ деб йиғлаган бола ҳақидаги эртакдаги каби, кейинги сафар иштирокчиларни жалб қилиш қийин бўлади ва кўпроқ кафолат беришга тўғри келади. Профессионал доирада миш-мишлар жуда тез тарқалади. Тошкент ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилаётган халқаро архитектура танловларининг нуфузи аллақачон пасайган», — дейди иштирокчи.
31 январь куни Тошкент ҳокимлиги матбуот хизмати «Dunyouzbeklari.Com» мухбири билан суҳбатда танловнинг муддати чўзилишини «аризаларнинг етарли эмаслиги» билан изоҳлади. Пойтахт ҳокимлиги ва «Тошкент инвест» таҳририятнинг кейинги мурожаатларига жавоб бермади.