Наманган вилоятида «Наманган» махсус экспорт зонаси ташкил этилади. Бу президентнинг махсус иқтисодий ва саноат зоналари фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонида белгиланган.
Ҳужжатга кўра, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги махсус иқтисодий зоналарни бошқариш бўйича ваколатли орган ҳисобланади ҳамда хусусий бошқарувга берилган махсус иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштиради.
Саноат зоналари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан бошқарилади ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан уларнинг фаолияти мувофиқлаштирилади.
2025 йил 1 июндан махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспортга реализация қилиш учун фойдаланадиган импорт хомашё, материал ва бутловчи қисмларни божхона тўловларини тўламаган ҳолда «товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режимига жойлаштириш орқали уларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади.
2028 йил 1 январгача махсус иқтисодий ва саноат зоналари дирекциялари ер солиғи бўйича ҳисобланган сумманинг бир фоизи миқдорида улар томонидан ижарага берилган ер майдонлари учун тўловни амалга ошириши белгиланди.
Шу фармон билан, шунингдек, махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатиш муддатига қўйилган чекловлар олиб ташланмоқда. Янги ташкил этиладиган ихтисослаштирилган зоналар фақат махсус иқтисодий зона ёки саноат зонаси шаклида ташкил этилади.