Президент Шавкат Мирзиёев 7 март куни саноат учун муҳим бўлган фойдали қазилмалар хомашё базасини кенгайтириш ва юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга бағишланган тақдимотни кўриб чиқди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистонда вольфрам, молибден, магний, литий, германий, графит, ванадий ва титан каби 30 дан ортиқ саноат учун муҳим минераллар мавжуд. Лекин илгари бу имконият тўла юзага чиқарилмаган ва қазилмаларни қайта ишлашга маблағ ажратилмаган. Бироқ кейинги йилларда бу борадаги ишларни бошлаш учун зарур шарт-шароитлар яратилди, дейилади хабарда

геология, нодир ер металлари, нодир металлар, шавкат мирзиёев, бобир исламов

Йиғилишда кончилик ва геология вазири Бобир Исламов келгуси уч йилга мўлжалланган режалар билан таништирди: 28 та ноёб минерал бўйича 2,6 миллиард долларлик 76 та лойиҳани амалга ошириш мўлжалланмоқда. Бунинг учун хомашё базасини кенгайтириш мақсадида геология-қидирув ва илмий-тадқиқот ишларига қўшимча маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда.

Минералларнинг софлигини ошириш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар яратиш имконини берувчи замонавий технологияларга алоҳида эътибор қаратилади. Масалан, «Ингичка» конидаги вольфрам концентрати бойитилса, қўшилган қиймат 2 карра ошади. Ҳозирча шу каби 18 та лойиҳа ишлаб чиқилган.

Шунингдек, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида бой технопарклар ташкил этиш таклиф этилди. Ушбу технопаркларда «хомашё — қайта ишлаш — илм ва технология — тайёр маҳсулот» ишлаб чиқариш занжири ривожланади.

Президент технологиялар трансферини ташкил этиш, мутахассислар тайёрлаш бўйича замонавий лаборатория ва ўқув марказлари очиш бўйича топшириқ берди.

У «Тўртинчи саноат инқилоби» шароитида Ўзбекистон ноёб фойдали қазилмалар бозорида муносиб ўрин эгаллаши учун мустаҳкам замин яратиш муҳимлигини таъкидлади.