25 февраль куни Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида эркин савдо режими жорий этилди, деб хабар қилди Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) матбуот хизмати.
Бу 2024 йил 16 июлда Тошкент шаҳрида имзоланган икки давлат ҳукуматлари ўртасида Узоқ муддатли савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг асосий йўналишлари тўғрисидаги битимга эркин савдо режимидан истиснолар тўғрисидаги баённоманинг кучга кириши бўйича процедуралар якунланганидан сўнг имкон бўлди. Баённома президентнинг 27 январдаги қарори билан тасдиқланган.
Режим жорий этилиши билан икки давлатда ишлаб чиқариладиган товарларга божхона тўловлари бекор қилиниб (айрим турдаги маҳсулотлар бундан мустасно), товарларнинг ўзаро савдосидаги чекловлар олиб ташланмоқда ва савдо тартиб-таомиллари соддалаштирилмоқда.
Масалан, Туркманистонга импорт қилинадиган маҳаллий цемент маҳсулотлари (божхона тўлови 100%), тўқимачилик (50%), мебель (50%), шиша идишлар (50%), сув иситгичлари (15%), пластмасса ва полипропилен маҳсулотлари (10%), колбаса ва гўшт маҳсулотлари (кг учун 2 доллар), пахта (кг учун 1 доллар) каби товарларга божхона тўловлари бекор қилинди.
«Божсиз савдо режимининг қўлланиши келгусида икки мамлакат ўртасида инвестиция соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва саноат кооперацияларини ривожлантириш орқали ўзаро савдо айланмаси ҳажмини оширишга замин яратади», — дейилади вазирлик хабарида.
2024 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилга нисбатан 5,5% ўсиб, 1,14 миллиард долларни ташкил этди.