Жаҳон банки Европа ва Марказий Осиё (ЕМО) минтақасидаги замонавий миграция тенденциялари, муаммолари ва имкониятлари таҳлилини ўз ичига олган янги тадқиқотни тақдим этди.
ЕМО минтақасида 100 миллион муҳожир яшайди — бу дунё миграция аҳолисининг учдан бир қисмидир. «Даромадлар ўртасидаги тафовут, демографик номутаносиблик, иқлим ўзгариши ва қуролли можаролар бутун дунё бўйлаб миграция оқимининг ўсишига ҳисса қўшишда давом этмоқда», — дея таъкидлади Жаҳон банки.
2023 йил ҳолатига кўра, Тожикистон ва Қирғизистондан меҳнат муҳожирларининг 80 фоиздан ортиғи Россияга йўл олган. Ўзбекистонлик муҳожирлар оқими кўпроқ диверсификацияланган: 57 фоизи Россияда, 15 фоизи Қозоғистонда ва 10 фоизи Украинада ишлайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йил бошида 1,35 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик хорижда ишлаётгани хабар қилинганди — бу бир йил олдингига нисбатан 34 фоизга кам. Хусусан, Россияда уларнинг сони 1,7 баробарга камайган. Шу билан бирга, меҳнат мигрантларининг ўз уйларига қайтиш тенденцияси давом этмоқда. Яқинда Ўзбекистон ҳукумати ватандошларни, жумладан, хорижда ишлаётганларни Янги Тошкент қурилишига таклиф қилди. Қабул ғишт терувчи, сантехник ва электрик каби 38 та қурилиш мутахассислиги бўйича амалга оширилмоқда, маош 8−15 млн сўмни ташкил этиши айтилмоқда.
Марказий Осиё мамлакатларида меҳнат миграцияси миллионлаб фуқаролар учун асосий даромад манбаларидан бири бўлиб қолмоқда. 2024 йил ҳолатига кўра, меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари Тожикистон ялпи ички маҳсулотининг 45 фоизини ташкил этди — бу нисбий маънода дунёдаги энг юқори кўрсаткичдир. Қирғизистонда пул ўтказмаларининг ЯИМдаги улуши 24 фоизга, Ўзбекистонда эса 14 фоизга етди.
Ушбу мамлакатлардан келган муҳожирлар чет элда ишлаш орқали ўз даромадларини икки ёки уч баравар оширишлари мумкин, бу эса уларнинг оилалари турмуш даражасини сезиларли даражада яхшилайди, дейилади тадқиқотда. Хусусан, Қирғизистонда пул ўтказмалари оладиган уй хўжаликлари орасида камбағаллик даражаси 10 фоиздан кам, уларсиз эса 50 фоиздан ошган бўларди. Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонга пул ўтказмалари бўлмаганда, мамлакатдаги камбағаллик даражаси 9,6 фоиздан 16,8 фоизга ошиши мумкин эди.
Жаҳон банкининг «Олдинга йўл: Европа ва Марказий Осиё минтақасида муваффақиятли миграцияни қўллаб-қувватлаш» ҳисоботида ЕМО минтақасидаги миграция тенденциялари ва уларнинг давлат сиёсатига таъсири атрофлича таҳлил қилинган.
Агар миграция оқилона бошқарилса, у ЕМО минтақасидаги ижтимоий-демографик номутаносибликларни бартараф этишнинг муҳим воситаси бўлиши мумкин. Бироқ унинг иқтисодий салоҳиятидан ҳали тўлиқ фойдаланилмаяпти, дейилади ҳисоботда.
Халқаро мувофиқлаштириш миграцияни самарали тартибга солиш ва унинг афзалликларини адолатли тақсимлашда муҳим роль ўйнайди.
Ҳисоботда тавсия этилган давлат сиёсати чоралари:
Тегишли давлат сиёсати чораларини ишлаб чиқиш учун миграциянинг ҳар хил турларини белгилаш.
Ушбу чора-тадбирлар юқори малакали ва паст малакали муҳожирлар, шунингдек, иқтисодий имкониятларни излаётганлар ва қуролли можаролар туфайли ўз мамлакатини тарк этишга мажбур бўлганлар ўртасидаги фарқларни ҳисобга олиши керак. Ушбу соҳадаги сиёсат илмий маълумотларга асосланиши, ҳам миллий, ҳам минтақавий даражада мувофиқлаштирилиши лозим.
Меҳнат унумдорлигини ошириш, инсон капиталини ривожлантириш, шунингдек, фуқаролар ва иқтисодиёт фаровонлигини ошириш мақсадида маҳаллий меҳнат ресурслари рақобатбардошлигини ошириш стратегиясида миграциянинг турли жиҳатларини интеграциялаш.
Миллий даражада бу ички меҳнат бозорини ривожлантириш бўйича мавжуд дастурлар доирасида зарур кўникма ва билимларни эгаллаш имкониятларини таъминлаш, шунингдек, меҳнат мигрантлари оқимини истиқболли ташқи бозорлар эҳтиёжларига мувофиқ самарали тақсимлашга қаратилган иммиграция стратегияларини ишлаб чиқишни назарда тутади.
Миграциянинг тегишли жиҳатларини миллий ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегияларига интеграциялаш орқали «ақл оқими» тенденциясини «ақл ўсиши»га айлантириш.
Мигрантларнинг ўз юртларидаги давлат органлари меҳнат бозори эҳтиёжлари мониторингини амалга ошириш ва талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлаш учун таълимни биргаликда молиялаштириш механизмларини жорий этиш орқали бунга ҳисса қўшишлари мумкин.
Шунингдек, меҳнат бозорини ислоҳ қилиш ва хорижда иш тажрибасига эга бўлган мутахассисларни қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқиш орқали малакали мигрантларнинг ўз мамлакатига қайтишини рағбатлантириш зарур.
Хавфсиз ва тартибли миграция механизмларини ривожлантириш.
Мигрантларнинг ўз мамлакатларида рўйхатга олиш тизимларини жорий этиш ва мигрантларни қабул қилувчи давлатлар билан чет элда ишлаётган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган икки томонлама шартномалар тузиш муҳимдир. Аҳолини бошқа мамлакатларда ишга жойлашиш имкониятлари тўғрисида ишончли ахборот билан таъминлаш зарур.
Мигрантларнинг ўз мамлакатларидаги давлат органлари ўз фуқароларининг ижтимоий таъминоти ва суғуртаси бўйича тўловларнинг мигрантларни қабул қилувчи давлатларга «трансфер» қилинишига эришиш тавсия этилади.