Ўзбекистон фуқароси Сеулнинг Banpo Xi туманида 2024 йил охирида 7,4 миллиард вонга (5,09 миллион доллар) сотилган ҳашаматли квартиранинг эгаси бўлди. Бу ҳудуддаги кўчмас мулк бўйича рекорд миқдор, дея хабар берди The Korea Herald кўчмас мулк реестри маълумотларига таяниб.
Нашр маълумотларига кўра, 41 ёшли ўзбекистонлик турар-жой мажмуасининг 26-қаватидан 244 кв.м. лик квартира сотиб олган.
Жанубий Корея Миллий кўчмас мулк реестри маълумотларига кўра, битим 2024 йилнинг ноябрида амалга оширилган, эгалик ҳуқуқини топшириш эса 2025 йил 28 февралда якунланган. Битим бир ой аввал 7,1 миллиард вонга сотилган 21-қаватдаги шунга ўхшаш квартирадан 300 миллион вон (тахминан 206 минг доллар) юқори.
Ўзбекистон фуқароси мулкни кредит ёки молиялаштиришсиз тўлиқ тўлаган, бу эса унинг нақд пулда тўланганидан далолат беради, деб ёзади нашр.
Газетанинг таъкидлашича, уй эгасининг анъанавий корейс табобатига ихтисослашган клиникаси Тошкент шаҳридаги манзилда рўйхатдан ўтган. Яна бир корейс нашрига кўра, гап Ўзбекистон-Корея Шарқ табобати маркази ҳақида кетмоқда. Марказ халқ табобатини оммалаштириш, жумладан, ўзбек шифокорларини акупунктура бўйича ўқитиш билан шуғулланади. Нашр харидорни А. сифатида кўрсатган.
Banpo Xi турар жой мажмуаси 3410 хонадонни ўз ичига олади ва кореялик таниқли шахслар яшайди. Риэлторнинг сўзларига кўра, йирик компанияларнинг хорижий топ-менежерлари бу туманда кўчмас мулк сотиб олишдан кўра кўпроқ ижарага олади.
Жанубий Кореяда энг кўп мулкка эга шахслар орасида Хитой фуқаролари етакчи (52 798 кўчмас мулк, 55,5%), иккинчи ўринда АҚШ (21 360, 22,5%), ундан сўнг Канада (6225, 6,5%), Тайван (3307, 3,5%) ва Австралия (1894, 2%) фуқаролари бор.