Тошкентда хонанда Озода Нурсаидованинг клипини суратга олиш жараёнида модель Сабрина Жабборова автомобиль уриб юбориши оқибатида жиддий жароҳат олди. Бу ҳақда унинг Instagram’даги саҳифасида эълон қилинган постда сўз боради.
Унга кўра, воқеа 2024 йилнинг 7 ноябрь куни Озода Нурсаидованинг «Дилбарим» клипини олиш жараёнида Mercedes G-Class («Гелендваген») машинаси рулидаги вояга етмаган 17 ёшли актриса С.М. бошқарувни йўқотиши оқибатида содир бўлган.
Жабрланувчи томоннинг таъкидлашича, актриса оператор ва режиссёр Шуҳрат Мавлоновнинг кўрсатмасига биноан, газ педалини босган, бироқ ўша пайтда машина бошқарувини йўқотган. Оқибатда автомобиль Сабрина Жабборовани икки марта уриб юборган.
«Олдинги ғилдирак бутунлай унинг устидан ўтган, орқа ғилдираги эса қизнинг устида айланиб ўтган. Воқеа оқибатида Сабринанинг тос суяги синган, синган суяклар бачадон ва сийдик пуфагига зарар етказган», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Сабрина Жабборовага бир соат ичида биринчи ёрдам кўрсатилмаган, оқибатда у 3 литр қон йўқотган. Кейинчалик у 4-сонли шаҳар касалхонасига олиб борилган, у ерда шифокорлар томонидан тўққиз соат давомида жарроҳлик амалиёти ўтказилган.
«Аммо чаноқ-сон бўғимида хатолик билан жарроҳлик амалиёти ўтказилган, натижада чап оёғи ўнг оёғидан 7 см узунроқ бўлиб қолган, Сабрина эса ногирон бўлиб қолган», — дейилади хабарда.
Аввалроқ жабрланувчи шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида шошилинч операция пайтида қон кетишини тўхтатиш учун тос суягини нотўғри маҳкамлаганини маълум қилган эди.
«Улар бу ҳақда менга дарҳол айтишмади, фақат уч ойдан кейин аҳволимни маълум қилишди. Шу вақт ичида суякларим нотўғри битди ва энди чап оёғим 7 см узунроқ. Буни тўғрилаш учун яна тос суягимни синдириб, қайтадан маҳкамлаб қўйишади. Шифокорларнинг айтишича, бундай операция 0,5−1 фоиз ҳолларда учрайди. Кўпинча бундай бахтсиз ҳодисаларда одамлар ҳалок бўлади, лекин мен тирик қолдим», — деди у ўтган ҳафта.
Нашрнинг таъкидлашича, вояга етмаган актрисани суратга олиш майдончасига режиссёр ва продюсер Аҳад Қаюм таклиф қилган, у актрисанинг ҳайдовчилик қобилиятини тасдиқлаб, автомобилни бошқаришга рухсат берган.
«Тасвирга олиш ташкилотчилари ва бошқа айбдорлар жабрланувчига тегишли ёрдам кўрсатмаган. Тўрт ой давомида улар фақат 500 АҚШ долларидан тўлашди, буни суратга олишнинг техник қоидаларини бузганлик учун жарима деб ҳисоблашди. Жабрланувчининг онаси Сабринани оёққа турғизиш учун ёрдам сўраганида, у фақат қуруқ ваъдалар ва таҳдидлар эшитди. Унга воқеа материаллари интернетда тарқатилса, жабрланувчига ёрдам бериш бутунлай тўхтатилиши айтилган», — дейилади хабарда.
Иш судга оширилди, аммо суд жараёни ҳали бошланмаган. Терговчи жабрланувчи томон суд муҳокамаси бошлангунга қадар уларни тарқатмаслиги учун иш материалларини тақдим этмаган, дейилади аризада.
Сабрина Жабборова чет элда қайта операция қилиниши керак, аммо даволаниш учун маблағ масаласи очиқ қолмоқда. Фаоллар ёрдам йиғиш учун алоҳида саҳифа очди.
Иккинчи томон изоҳи
Озода Нурсаидованинг менежери Дилмурод Сатторовнинг «Dunyouzbeklari.Com»га маълум қилишича, унинг жамоаси «Дилбарим» клипини суратга олиш жараёнида иштирок этмаган.
«Биз режиссёр ва унинг жамоасидан клип суратга олишни буюртма қилдик. Воқеадан хабар топгач, Озода билан бирга дарҳол майдонга етиб бордик. Воқеа жойида тез ёрдам шифокорлари ёрдам кўрсатаётган экан. Кейинроқ „Тез ёрдам“ машинаси келди, мен у билан бирга шифохонага бордим. У 3−4 соат давомида текширилди ва операция қилинди», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, шу куни Тошкент шаҳри ИИББ томонидан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Озода опа „Ёш қиз шундай ҳолатга тушиб қолди“, дея йиғлади ва инсонийлик жиҳатдан уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилди. Бу воқеага уч ой бўлган бўлса, ўша кундан бери унга ҳар ойда харажатлари: дори дармон, памперси ва бошқалар учун 500 доллар пул ва уй ижараси учун алоҳида пул бердик. Бир хонали ижара уйининг барча жиҳозларини янгилаб бердик. Харажатлар Озода опа томонидан қопланди», — дейди у.
Сатторовнинг айтишича, клип устида ишлаган ижодий гуруҳ ҳам унинг ҳолидан доимо хабар олиб турган.
«Шифокорлар қизга уч ой давомида бир жойда ётиб, даволанишни тавсия қилган. Бироқ орадан уч ой ўтар-ўтмас у яна бир лойиҳанинг суратга олиш жараёнида иштирок этди. Эшитишимча, у суратга олиш пайтида йиқилиб тушган. Шифокорлар операцияни Ҳиндистонда ёки Санкт-Петербургда ўтказиш кераклигини айтган. Кейинчалик онаси бу борада бизга қўнғироқ қилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари кетаётгани, суд қарори чиққандан кейингина якуний қарор қабул қилиш мумкинлиги, ким айбдорлигини айнан суд белгилашини тушунтирдик», — дейди у.
Сатторовнинг айтишича, жабрланувчи қизнинг атрофидагилар унга янги уй сотиб олишни муҳокама қилишган, бироқ Озода Нурсаидова бунга рози бўлмаган.
«Унинг атрофидагилар янги квартира сотиб олишни муҳокама қилишди ва ҳатто менга Telegram’да эълонлар юборишди. Аммо биз рад этдик, чунки якуний қарорни суд қабул қилиши керак. Ким айбдорлигини қонун белгилайди», — дея таъкидлади у.
Хонанданинг менежери баъзи ОАВ ва блогерлар вазиятни бир томонлама ёритиб, иккинчи томонни эшитмаётганини таъкидлади.
«Биз уч ой давомида қизга ёрдам берганимизни ва тергов давом этаётганини ҳамма билиши керак. Суд ҳали ҳукм чиқаргани йўқ, лекин Озода Нурсаидова ноҳақ айбланяпти», — деди Сатторов.
«Dunyouzbeklari.Com» Тошкент шаҳри ИИББга сўров юборди ва жавоб кутмоқда.
Маълумот учун: Озода Нурсаидова — хонанда, бастакор, продюсер, турли мусиқий лойиҳалар муаллифи. Унинг «Кўк жигули» клипи YouTube’да 408 миллиондан ортиқ кўрилган.