Бухоро вилояти Когон туманида Аи-80 маркали автобензинни ноқонуний равишда улгуржи сотиб юборган МЧЖ аниқланди, деб хабар берди «Ўзэнергоинспекция» матбуот хизмати.
Ташкилотнинг вилоят бошқармаси назорат тадбирида Ўба чўли маҳалласида жойлашган «Н.П.» корхонасига қарашли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида нефть маҳсулотларининг сотувга чиқарилиши бўйича ноқонуний ҳолат аниқланди.
Хусусан, тадбиркорлар АЁҚШ иш фаолиятида бўлмаса-да, «Бухоро нефть базаси»дан жами 430,7 тонна (3,7 миллиард сўмлик) Аи-80 маркали автобензинни шохобча сиғимларига туширмасдан, автоцистерна орқали улгуржи сотиб юборган.
Ҳолат юзасидан қоидабузарликка йўл қўйган заправканинг биржа савдоларида иштирок этиши вақтинча тўхтатилди.