11 март куни Украина ва АҚШ делегацияларининг Саудия Арабистони Жидда шаҳридаги музокаралари якунланди. Унда Киев ўт очишни 30 кун давомида тўхтатишга рози бўлди, Вашингтон эса «зудлик билан» ҳарбий ёрдамни давом эттириши айтилди.
Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермакнинг қайд этишича, ўт очишни тўхтатиш даври Украина ва Россиянинг ўзаро келишувига кўра узайтирилиши мумкин.
Ўз навбатида, Қўшма Штатлар разведка маълумотларини алмашишдаги паузани дарҳол бекор қилмоқда ва Украинага хавфсизлик ёрдамини тикламоқда.
«Қўшма Штатлар Россияга Россия томонидан ўзаро муносабатлар тинчликка эришишнинг калити эканини маълум қилади», — деб ёзди Ермак. Унинг сўзларига кўра, делегациялар ўт очишни тўхтатиш чоғидаги гуманитар жараёнлар — жумладан, асирларни алмашиш ва Украинадан олиб чиқилган болаларни қайтариш масалаларини ҳам муҳокама қилган.
«Иккала делегация ҳам ўз музокара гуруҳлари таркибини аниқлашга ва Украинанинг узоқ муддатли хавфсизлигини таъминлайдиган барқарор тинчликка эришиш учун зудлик билан музокараларни бошлашга келишиб олди», — дейилади хабарда.
Ермак музокараларни «Украинада барқарор тинчликни тиклаш йўлида муҳим қадам» деб атади ва Украина делегацияси Украина халқи номидан президент Трампга, АҚШ Конгрессига ва Қўшма Штатлар халқига яна бир бор миннатдорлик билдирганини қайд этди.
Зеленский: «30 кун давомида ўт очишни тўлиқ тўхтатишга тайёрмиз»
Украина АҚШнинг 30 кунлик ўт очишни тўхтатиш таклифига рози, энди АҚШ Россияни бунга ишонтириши керак, деб ёзди Владимир Зеленский.
«Америкаликлар билан ушбу учрашувда бизнинг таклифимиз уч нарсадан иборат эди: осмондаги тинчлик — ракеталар, бомбалар, узоқ масофали дронларнинг тўхтатилиши; денгиздаги осойишталик; ва дипломатия давом этаётган бутун вазиятга ишончни мустаҳкамлашнинг амалий чоралари, энг аввало — асирларни озод қилиш. Америка томони бизнинг далилларимизни тушунади, таклифларимизни қабул қилади, мен президент Трампга жамоаларимизнинг конструктив суҳбати учун миннатдорлик билдирмоқчиман», — деди Украина президенти.
«Бугун суҳбатда Америка томонининг биринчи қадамни қўйиш таклифи бор эди — 30 кун давомида нафақат Қора денгизда, балки бутун фронт чизиғида ракеталар, дронлар ва бомбаларни бутунлай тўхтатишга ҳаракат қилиш. Украина бу таклифни қабул қилмоқда, биз буни ижобий деб ҳисоблаймиз, биз бундай қадамни ташлашга тайёрмиз. Қўшма Штатлар Россияни бунга ишонтириши керак. Яъни биз рози бўламиз, агар руслар рози бўлса — ўша пайтда осойишталик ҳукм суради».
«Агар руслар рози бўлса, сукунат ўша заҳотиёқ кучга киради. Бугунги мунозараларнинг муҳим элементи Американинг Украинага мудофаа ёрдамини тиклашга тайёрлиги ва разведка ёрдами ҳисобланади. Украина тинчликка тайёр. Россия, шунингдек, урушни тугатишга ёки давом эттиришга тайёрлигини кўрсатиши керак. Бутун ҳақиқатлар учун айни фурсат», — деб қўшимча қилди у.
«Биз ҳозир бу таклифни Россия томонига етказамиз ва умид қиламизки, улар тинчликка „ҳа“ дейишади. Тўп энди улар томонида», — деди Марко Рубио музокаралардан сўнг. У «руслар ҳам жавоб қайтаришига» умид билдирди.