• Чт. Мар 20th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Шахси номаълум ўзбекистонлик Сеулдан салкам 6 млн долларга квартира сотиб олди


Квартира Сеулнинг энг қиммат ва нуфузли ҳудудларидан бири — Банпо-донг туманида сотиб олинган.

2024 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон фуқароси Сеулнинг машҳур Банпо-донг туманида жойлашган юқори даражадаги ҳашаматли апартамент харид қилди. Ушбу шартноманинг қиймати 7,4 миллиард вон (тахминан 5,7 миллион АҚШ доллари)ни ташкил этган бўлиб, Жанубий Корея кўчмас мулк бозоридаги муҳим воқеалардан бирига айланган. Ўзбекистонликларнинг бу каби йирик харидлари нима билан боғлиқ ва ортида қандай манфаатлар туради?

Фото: expedia

Банпо-донг – Сеулнинг энг нуфузли туманларидан бири бўлиб, бу ердаги кўчмас мулк объектлари ўзига хос қимматбаҳолиги ва қулай жойлашуви билан ажралиб туради. Бугунги кунда ушбу туманда жойлашган кўчмас мулк объектлари хорижий сармоядорлар томонидан талабгир ҳисобланади. Корея статистикасига кўра, сўнгги уч йил ичида Сеулдаги қиммат уйларга чет элликлар томонидан сармоя киритиш ҳажми 15% га ошган.

Бозорнинг ривожланишига турли давлатларнинг сармоядорлари, жумладан, АҚШ, Хитой ва энди ўзбекистонлик инвесторлар ҳам қизиқиш билдирмоқда.

Ўзбекистонлик ким ва нега сотиб олган бўлиши мумкин?

Ҳозирча харидорнинг шахси сир сақланмоқда. Маълумотларда унинг исми «А» ҳарфига бошланиши ҳамда унинг ёши 41 эканлиги маълум. Қайд этиш керак, бундай даражадаги йирик харидларни одатда йирик бизнесменлар ёки халқаро даражадаги инвесторлар амалга оширади. Жанубий Корея нашрларининг тахминига кўра, инвестор Ўзбекистоннинг йирик бизнес доиралари ёки технологик секторидан бўлиши мумкин.

Экспертлар харид инвестиция мақсадида қилинганига иддао қилишмоқда. Чунки Сеулда қимматбаҳо уйларни ижарага бериш ёки кейинроқ сотиш орқали катта фойда олиш имконияти мавжуд. Эҳтимол инвестор ушбу харидни оиласи билан яшаш учун амалга оширган.

Нега ўзбекистонликлар чет элда кўчмас мулк сотиб оляпти?

Сўнгги йилларда Ўзбекистон фуқароларининг чет давлатларда кўчмас мулк сотиб олиш тенденцияси сезиларли даражада ортган. Туркия ва Дубай каби анъанавий йўналишлар билан бир қаторда энди Жанубий Кореяда кўчмас мулк сотиб олишни ҳам янги йўналиш сифатида қараса бўлади. Масалан:

  • Туркияда (Истанбул, Анталия, Бурса) ўзбекистонликлар томонидан 2023 йилнинг ўзида 400 дан ортиқ уй харид қилган.
  • Дубай уй бозорида эса асосан ўзбекистонлик тадбиркорлар ва IT соҳаси вакиллари фаол.

Сеулдаги кўчмас мулк бозори юқори талаб ва қиймати баландлиги билан ажралиб туради. Масалан, Гангнамдаги уйларнинг нархи 10 млн доллардан бошланиб, 50 млн долларгача боради.

Фото: expedia

Бироқ, Жанубий Кореяда уй олиб, у ерда яшаш – чет элликлар учун қийин, чунки улар учун доимий яшаш визаси талаб қилинади. Шунингдек, ушбу мамлакатда яшаш Туркия ёки Дубай билан солиштирганда мураккаброқ, чунки визалар, мамлакат солиқ тизими ва чет элликларга мулк сотиб олиш билан боғлиқ баъзи чекловлар мавжуд.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *