Ўзбекистонда жонли ижро санъати янада ривожлантириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилади. Бу ҳақда 11 март куни президент томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикаси қонунида сўз боради.
Қонун билан «Маданий фаолият ва маданий ташкилотлар тўғрисида»ги қонунга Маданият вазирлигининг жонли ижро санъатини ривожлантириш йўналишидаги ваколатларини, шунингдек, концерт-томоша тадбирларида фонограммадан фойдаланиш даражасига қараб мусиқий ва бошқа асарларни ижро этиш усулларини аниқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Бундан ташқари, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ва «Реклама тўғрисида»ги қонунларга концерт-томоша тадбирларида фонограммадан фойдаланиш даражаси ҳақида ахборот бериш тартибини белгиловчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Концерт-томоша тадбирининг дастурида ижрочи ва асар муаллифлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши шартлиги белгиланди.
Концерт-томоша тадбирларида мусиқали ва бошқа асарларни ижро этишда фонограммадан фойдаланиш даражасига қараб, ижрочилар томонидан қуйидаги усуллар билан ижро амалга оширилиши мумкин:
- жонли ижро;
- фонограммадан қисман фойдаланган ҳолда;
- фонограммадан фойдаланган ҳолда.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.