Вазирлар Маҳкамасида 10 март куни «Давлат қўриқхоналари ва миллий табиат боғи ҳудудларини кенгайтириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.
Ҳужжат республикада муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонини кенгайтириш орқали мавжуд ноёб турдаги ўсимлик ва ҳайвонларни асраб-авайлаш чора-тадбирларини кучайтириш кўзда тутилмоқда.
Президентнинг 2023 йил 31 майдаги қарорига мувофиқ «Нурота» ва «Сурхон» давлат қўриқхоналари ҳамда «Зарафшон» миллий табиат боғи ҳудудларини кенгайтириш белгиланган.
Ҳукумат қарорига кўра, «Нурота» давлат қўриқхонаси ҳудуди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Жиззах, Самарқанд ҳамда Сурхондарё вилоятлари ҳокимликларининг майдонлари ҳисобидан 4 265,97 гектарга кенгайтирилади.
«Зарафшон» миллий табиат боғи ҳудуди эса Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги захира ерлардан ва Жомбой, Ургут, Тойлоқ туманларидаги давлат ўрмон хўжалиги ҳамда захира ерлари ҳисобидан 2 807,61 гектарга оширилади.
Бундан ташқари, Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги Қизириқ давлат ўрмон хўжалигининг 249 гектар ер майдонлари ҳисобидан «Сурхон» давлат қўриқхонаси ҳудудини кенгайтирилади.
Бир ой муддатда давлат қўриқхоналари ва миллий табиат боғи ҳудудларини кенгайтириш учун ажратиладиган ер участкалари тоифасини суғорилмайдиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва ўрмон фонди ерлари тоифасидан табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказиш юзасидан ҳукумат комиссиясига таклиф киритилиши белгиланди.
Давлат қўриқхоналари ва миллий табиат боғи ҳудудларининг кенгайишини амалга ошириш ишлари учун қўшимча талаб этиладиган маблағлар 2025 йилда маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисмидан, 2026 йилдан бошлаб маҳаллий бюджет параметрларида назарда тутилишини таъминлаш ҳам назарда тутилмоқда.