Ўзбекистон футбол ассоциацияси миллий терма жамоанинг 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаши доирасида навбатдаги учрашувлари учун кенгайтирилган таркибни эълон қилди.
Жамоа 17 март куни навбатдаги ўқув-машғулот йиғинларига киришиши режалаштирилган. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2026 саралашининг учинчи босқичи доирасида 20 март куни ўз уйида Қирғизистонни қабул қилади, 25 март куни эса Эронга қарши сафарда ўйин ўтказади.
Январь ойида терма жамоа собиқ мураббий Сречко Катанец соғлиғидаги муаммолар сабаб вазифасидан озод этилганди. Унинг ўрига эса Ўзбекистон олимпия терма жамоаси мураббийи Темур Кападзе тайинланган.
Қирғизистон ва Эронга қарши ўйинлардан сўнг терма жамоа 5 июнь куни БААга қарши меҳмонда, 10 июнь куни эса Қатарга қарши ўз уйида ўйнайди. Ҳозирча саралашнинг 3-босқичи доирасидаги Ўзбекистон ўрин олган «А» гуруҳида 6 та ўйиндан сўнг Эрон 16 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Ўзбекистон 13 очко билан иккинчи ўринда, БАА эса 10 очко билан учинчи ўринда. Қатар (7), Қирғизистон (3) ва КХДР (2) қолган ўринларни эгаллаб турибди.