12 март куни Париждаги Фахрийлар уйида Францияга ташриф буюрган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Ўзбекистон раҳбарини Франция президенти Эммануэль Макрон кутиб олди.
Майдонда меҳмон шарафига Франция Республика гвардияси, қуруқлик қўшинлари, ҳарбий-денгиз ва ҳарбий-ҳаво кучлари хизматчиларидан иборат фахрий қоровул саф тортди, дейилади хабарда.
Ҳарбий оркестр икки давлат мадҳияларини ижро этди. Гвардиячилар раҳбарлар олдидан юриб ўтди.
Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутлади.
Сўнг Ўзбекистон президенти отлиқ гвардиячилар ва мотоциклчилар ҳамроҳлигида олий даражада музокара ўтказиш учун Франция президентининг қароргоҳи — Елисей саройига йўл олди.