Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида табиий газдан ўғринча фойдаланган корхона аниқланди, деб хабар берди «Ҳудудгазтаъминот».

«Ҳудудгаз Жиззах» газ таъминоти филиали комплаенс назорат тузилмалари, туман газ таъминоти бўлими ходимлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамкорлигида рейд ўтказилган.

Унда туманнинг Кўкбулоқ маҳалласида жойлашган «Ф. Т. М.» МЧЖга қарашли ҳудуд хатловдан ўтказилган. Маълум бўлишича, истеъмолчи электрон газ ҳисоблаш ускунасига ўрнатилган бир марталик тамғани ўзбошимчалик билан олиб ташлаб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келган.

Ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, газ сарфи қайта ҳисоб-китоб қилинди ва 2 миллиард 46 миллион сўмлик зарар аниқланди. Ноқонуний ҳолат бўйича барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.