• Чт. Мар 20th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Франция компаниялари Ўзбекистонга 6,5 млрд евролик инвестиция киритмоқчи


Париж шаҳрига ташриф давомида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Франция ишбилармон доираларининг етакчи вакиллари билан учрашув ўтказди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Президент 2018 ва 2022 йилларда ушбу мамлакатга расмий ташрифлари ҳамда 2023 йилги Самарқанд саммитида ҳам Франция тадбиркорлари билан учрашган эди. 12 март кунги форум ана шу очиқ ва конструктив мулоқотнинг давоми бўлди, дейилади хабарда. Бу галги учрашувда Ўзбекистоннинг хусусий компаниялари раҳбарлари ва вакиллари ҳам иштирок этди.

Тадбирда Франциянинг ташқи савдо ва хориждаги француз фуқаролари ишлари бўйича вазир-делегати Лоран Сен-Мартен, Франция тараққиёт агентлиги бош директори Реми Риу, MEDEF International раҳбари — Orano Mining компанияси бошқаруви раиси Клод Имовен, шунингдек, икки мамлакат етакчи компаниялари, инвестиция ва банк-молия институтларининг 60 дан ортиқ раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.

Франция бизнеси томонидан SUEZ, Veolia, Total, EDF, Voltalia, Orano, Meridiam, Saint-Gobain, Imerys, Natixis, Societe Generale, BPI France, Airbus, MND, Eiffage, Schneider Electric, Total Energies, Alstom, Technip Energies, Egis, ADP Group, Ellipse Projects, Assystem, АТR ва бошқа компаниялар қатнашди.

Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида Франция президенти Эммануэль Макрон билан ўтган музокараларни юқори баҳолаб, ишбилармонлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва қўшма кооперация лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади.

Учрашувда Франция ишбилармон доиралари вакилларига «Янги Ўзбекистондаги ортга қайтмас иқтисодий ислоҳотлар стратегиясини қўллаб-қувватлаётгани учун» миннатдорлик билдирилди, қайд этди матбуот хизмати.

Жорий йил январь ойида MEDEF таркибидаги йирик компаниялар раҳбарларининг Тошкент шаҳрига ташрифи натижалари юқори баҳоланди. Франция компаниялари билан Ўзбекистон иқтисодиётининг стратегик тармоқларида қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Президент ушбу мамлакат инвестицияларини фаол жалб этиш ва илғор технологияларни жорий этиш, Франция корхоналарининг ечимлари, тўпланган катта тажриба ва билимларини қўллашдан Ўзбекистон манфаатдор эканини айтди. У Франция билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Франция компаниялари билан 2027 йилгача бўлган даврга мўлжалланган инновацион ва саноат кооперацияси дастури бунга хизмат қилади. Унга умумий қиймати 6,5 миллиард евро бўлган аниқ йўналиш ва лойиҳалар киритилган.

Дастурни амалга ошириш доирасида Франциянинг етакчи банк ва молия ташкилотларини фаол жалб қилган ҳолда бизнес ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали воситалари кенг жорий этилиши кўзда тутилган.

Давлат раҳбари муҳим минерал ресурсларнинг истиқболли конларини ўзлаштириш ва уларни чуқур қайта ишлаш, қурилиш материаллари, кимё ва фармацевтика тармоқлари, электротехника саноати, қишлоқ хўжалигида замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ва бошқаларни Ўзбекистон-Франция ишбилармонлик ҳамкорлигини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари сифатида кўрсатиб ўтди.

Энергетикада энергия ишлаб чиқариш ва сақлаш қувватларини кенгайтириш, Ўзбекистон ҳудудларида сув хўжалиги, коммунал, туризм, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамкорликни ривожлантиришда катта салоҳиятга эга.

«Икки мамлакат компаниялари иштирокидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва жадаллаштириш мақсадида доимий фаолият юритадиган Ўзбекистон-Франция инвестиция кенгашини таъсис этишни таклиф қиламан. Биз томондан унга Ўзбекистон бош вазири раҳбарлик қилади. Биринчи учрашувни июнь ойида Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказишимиз мумкин. Барчангизни ташкил этилаётган кенгашнинг тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида бўлажак тадбирда фаол иштирок этишга таклиф этаман», — деди Мирзиёев.

Ўз навбатида, Франция ишбилармон доиралари вакиллари ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ таклиф ва режаларини баён қилди.

Давлат раҳбари ишбилармон доиралар вакилларига муваффақиятлар тилаб, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига Ўзбекистон ҳукумати томонидан тасдиқланадиган «йўл хариталари» асосида эришилган келишувлар ижроси устидан назоратни таъминлаш бўйича топшириқлар берди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *