Елисей саройидаги олий даражадаги учрашув чоғида Шавкат Мирзиёев Эммануэл Макронга француз ёзувчиси Виктор Гюгонинг ўзбек тилига таржима қилинган “Кулаётган одам” романининг илк нусхасини совға қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу китоб оммавий нашрдан чиқиши ва тез орада китобхонлар эътиборига ҳавола этилиши кутилмоқда.



Аввалроқ Париж шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Эммануэл Макрон Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни қабул қилганди.
Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи ҳақида
Ўзбекистон президенти 11 февраль куни Франция президенти Эммануэл Макроннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Париж шаҳрига келди. 11-13 март кунлари бўлиб ўтадиган ташриф давомида Париж шаҳрида олий даражадаги музокара ва тадбирлар, Франциянинг расмий ва ишбилармон доиралари билан қатор учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган. Бўлажак мулоқотлар кун тартибидан кўп қиррали Ўзбекистон—Франция муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган.
Le Figaro нашрининг маълум қилишича, Ўзбекистон президентининг Францияга ташрифи давомида энергетика масалалари муҳокамада асосий ўринни эгаллайди.
Ташриф арафасида Парижда Ўзбекистон туризм форуми ташкил этилди. “Илм-фан ва таълим: Ўзбекистон — Франция кўприги” мавзусидаги қўшма конференция ўтказилди. Ўзбекистон ва Франциянинг тегишли вазирликлари, идоралари раҳбарлари ҳамда 100 га яқин етакчи компаниялари, молия ва бизнес ташкилотлари раҳбарлари иштирокида Франция — Ўзбекистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда 20 дан ортиқ битим ва шартномалар имзоланди.
Давлат раҳбари Францияга бундан аввал 2018 ва 2022 йилларда ташриф буюрган. Франция раҳбари Эммануэл Макрон Ўзбекистонга расмий ташриф билан 2023 йилда келган.