12 март куни Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи доирасида Париждаги Елисей саройида икки мамлакат раҳбарлари юзма-юз учрашув ўтказди.
Ўзбекистон президенти матбуот хизматига кўра, улар стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган келишувлар ва қабул қилинган ҳужжатларни амалга ошириш бўйича келгусидаги чора-тадбирларни муҳокама қилди.
Суҳбат чоғида Шавкат Мирзиёев Эммануэль Макронга буюк француз ёзувчиси Виктор Гюгонинг ўзбек тилига таржима қилинган «Кулаётган одам» романининг илк нусхасини совға қилди.
«Ушбу китоб оммавий нашрдан чиқиши ва тез орада китобхонлар эътиборига ҳавола этилиши кутилмоқда», — деб ёзди матбуот хизмати раҳбари Шерзод Асадов.
Аввалроқ «Dunyouzbeklari.Com» икки давлат раҳбарларининг музокараларида нималар муҳокама қилингани ва эришилган келишувлар ҳақида ёзган эди. Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларациядан ташқари, Ўзбекистон ва Франция ўртасида мутахассислар ва талабалар ҳаракатчанлиги, Ўзбекистон-Франция университетини ташкил этиш, Тошкент ва Париж ўртасида шериклик ўрнатиш тўғрисидаги шартномалар ва бошқа қатор ҳужжатлар имзоланди.