2025/2026 ўқув йили қабули учун тест синови топшириладиган фанлар бўйича топшириқлар сони ва баҳолаш мезони тасдиқланди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, бу бўйича вазирликнинг тегишли буйруғи қабул қилинди ҳамда талаблар ўтган йилги тартибда қолди. Ҳужжат мамлакат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлар учун тест топшириқлари сони ҳамда баҳолаш тартибини белгилайди.
Унга кўра, барча тест топширувчилар учун мажбурий 3 та фан учун баҳолаш тартиби қуйидагича:
- она тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ) х 10 та;
- математика х 10 та;
- Ўзбекистон тарихи х 10 та.
Бунда жами 30 та савол учун 1,1 баллдан жами 33 балл ҳисобланади.
Бакалавриат таълим йўналишига мос бўлган 2 та фан бўйича эса қуйидагича:
- 1-фан — 30 та савол х 3,1 балл = 93 балл;
- 2-фан — 30 та савол х 2.1 балл = 63 балл.
- Бунда жами 60 та савол учун жами 156 балл берилади.
2025/2026-ўқув йили қабулида абитуриентларга умумий 5 та фан бўйича жами 90 та тест топшириғи берилади. Бунда тўплаш мумкин бўлган максимал балл — 189 баллни ташкил этади.
Фанлар мажмуаси билан батафсил бу ерда танишиш мумкин. Вазирлик таълим йўналишларини оптималлаштириш натижасига кўра йўналишлар номи ўзгарганда ёки янги йўналишлар ташкил этилганда, мос равишда тегишли ўзгартиришлар киритилиши мумкинлигини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, 2024−2025 ўқув йилидан давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида «аввал тест, сўнг танлов» тамойили кучга кирганди. Абитуриентлар тўплаган балидан келиб чиқиб, ўз танловига кўра таълим муассасасини танлайди. Бакалавриатга қабул икки босқичда амалга оширилади.