Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги уран лойиҳасига Япониядан янги ҳамкор — ITOCHU корпорацияси қўшилди. У Франциянинг Orano ва давлатга тегишли «Навоийуран» компанияси ўртасидаги қўшма корхона Nurlikum Mining компаниясининг миноритар улушини сотиб олди, дея хабар бермоқда француз компанияси.
Қайд этилишича, ушбу битимгача Франция томони 51 фоиз, Ўзбекистон томони 49 фоиз улушга эгалик қилган. ITOCHU кимнинг улушини сотиб олгани ҳақида хабар берилмаган.
«Ушбу янги ҳамкорлик қўшма корхонанинг сўнгги ютуқларини мустаҳкамлайди ва барча томонларнинг Жанубий Жонгелди конини ривожлантиришни давом эттиришга қатъий бел боғлаганини акс эттиради», — дейилади баёнотда.
Ҳамкорлар конни ўрганишни бошлашни режалаштирмоқда, шу билан бирга, қўшма корхонанинг минерал ресурсларини камида икки баробар оширишни мақсад қилган.
Сертификациядан ўтган маълумотларга кўра, кон 10 йилдан ортиқ вақт давомида уран қазиб олишни таъминлай олади, энг юқори ишлаб чиқариш ҳажми эса йилига 700 метрик тонна уранни ташкил қилади.
Жанубий Жонгелди лойиҳаси Ўзбекистон ҳукумати билан 2022 йилда имзоланган стратегик шартномада белгиланган «Навоийуран» билан кенгроқ ҳамкорлик дастурининг бир қисмидир.
Аввал хабар қилинганидек, 12 март куни президент Шавкат Мирзиёевнинг Парижга давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтаётган Ўзбекистон-Франция бизнес-форуми доирасида «Навоийуран» давлат корхонаси ва Франциянинг Orano компанияси Жанубий Жонгелди уран конини саноат миқёсида ўзлаштириш бўйича шартнома имзолаганди.
Ҳужжат уранни биргаликда қидириш ва қазиб олишни назарда тутади, шунингдек, атроф-муҳит ва хавфсизлик стандартларига риоя қилиш, иш ўринлари яратиш ва маҳаллий ҳамжамиятларни қўллаб-қувватлаш мажбуриятларини ўз ичига олади.
Шартнома Жанубий Жонгелди уран конини саноатлаштириш учун асос яратади. У мавжуд «Навоийуран» ишлаб чиқариш базасига бирлаштирилиб, унинг операторига айланади.
«Навоийуран» компаниясининг маълум қилишича, конни ўзлаштиришнинг биринчи босқичида 3 йил давомида кутилаётган инвестициялар ҳажми 214 млн долларни, ўртача йиллик уран қазиб олиш ҳажми эса 500 тоннани ташкил этиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил декабрь ойидан бошлаб Ўзбекистонда Навоий вилоятида Франция атом саноати етакчиси Orano (51 фоиз) ва Давлат геология қўмитаси (49 фоиз) томонидан ташкил этилган Nurlikum Mining уран қидирув ва қазиб олиш қўшма корхонаси фаолият юритмоқда. Корхонанинг ресурс базасига «қумтош» туридаги учта истиқболли уран майдонлари — Шимолий ва Жанубий Жонгелди ва Янгиқудуқ киради.
2022 йил ноябрь ойида Геология давлат қўмитаси, «Навоийуран» ва Франциянинг Орано компанияси ўртасида уран қазиб олиш ва қайта ишлашни кенгайтириш бўйича уч томонлама шартнома имзоланган. Ўзбекистон «ядровий ёқилғи қиймат занжири»да Франция моделига эътибор қаратмоқчи.
Ўшанда Orano раҳбари Николя Мэйс «Dunyouzbeklari.Com»га берган интервьюсида келишув «бир неча юз миллион евро» (дастлабки босқичда — 50 миллион евро) миқдоридаги инвестициялар билан беш йиллик ривожланиш дастурини назарда тутишини маълум қилганди.
2023 йил ноябрь ойида Тоғ-конь саноати ва геология вазири Бобир Исломов Orano Ўзбекистонда уран қазиб олиш ва қайта ишлашга 500 миллион долларгача сармоя киритишни режалаштираётганини таъкидлаганди. Унинг сўзларига кўра, геология-қидирув ишлари Навоий вилоятидаги яна иккита майдонда олиб борилади.
«Навоийуран» компанияси дунёдаги бешинчи йирик уран ишлаб чиқарувчи ҳисобланиб, ядро ёқилғисини барқарор ва масъулиятли тарзда етказиб беришни таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Табиий уранни қазиб олиш ва уран оксидига қайта ишлашга ихтисослашган компания экспорт таъминоти орқали жаҳоннинг тоза энергияга бўлган талабини қондиради.
ITOCHU корпорацияси тўқимачилик, машинасозлик, металлар, минераллар, энергетика, кимё, озиқ-овқат, кўчмас мулк, ахборот технологиялари ва молия каби турли соҳаларда импорт, экспорт ва инвестициялар билан шуғулланувчи Япониянинг етакчи савдо компанияларидан бири ҳисобланади.