• Ср. Мар 26th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Президент топшириғидан сўнг амалдорлар қандай хизмат машинасига ўтмоқда? – Ўзбекистон янгиликлари – Dunyouzbeklari.Com


Президент Шавкат Мирзиёев Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг 5 март куни бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида хизмат транспортида юришни кескин қисқартириб, миллий автомобиль ва миллий мебелга ўтиш зарурлигини айтган эди.

Шундан сўнг Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов хизмат автомобилини Mercedes-Benz`дан Malibu`га ўзгартирган. Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятовнинг «Dunyouzbeklari.Com» маълум қилишича, Абдулла Арипов 7 март куни видеоселектор йиғилиши ўтказиб, барча амалдорларга хорижий хизмат машиналаридан фойдаланишни тўхтатишни топширган.

«Президентимиз берган барча топшириқларни сўзсиз бажаришимиз шарт, муҳокамага ўрин йўқ. Менга буни 20 мартдан ёки 1 апрелдан жорий қилайлик, деб таклиф беришяпти. Йўқ, унақаси кетмайди. Президентимиз топшириқ бердими, зудлик билан бажаришимиз шарт. Бу ҳукуматнинг асосий вазифаси», — деган бош вазир видеоселекторда.

Ҳидоятовнинг қайд этишича, бугунги кунда ҳукумат таркибидаги барча вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари хизмат автомобили сифатида маҳаллий автотранспортлардан фойдаланишга ўтган.

«Dunyouzbeklari.Com» республика даражасидаги давлат ташкилотлари ахборот хизматлари билан боғланиб, вазир ва унга тенглаштирилган амалдорлар президент топшириғидан сўнг қандай автомобилга ўтганига қизиқди.

Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва унинг ўринбосарлари олдин ҳам Malibu`да юрган. Улар ўз анъанасига содиқ ҳолда, ҳозир ҳам иш вақтида Malibu`дан фойдаланади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова шу пайтга қадар Mercedes-Benz`дан фойдаланган, бугунги кунда эса унинг хизмат машинаси Malibu`га ўзгарган.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳам олдин Mercedes-Benz`да юрган. Вазирлик ахборот хизматига кўра, ҳозирда у хизмат машинасидан фойдаланмаяпти. Транспорт давлат активларига топшириш жараёнида, сўнгра унинг ўрнига Malibu харид қилиш кўзда тутилган.

Маданият вазири Озодбек Назарбеков айни пайтда ҳам Mercedes-Benz`дан фойдаланмоқда. «Келгусида GM машиналаридан бирини олиш режа қилиняпти, машинанинг қайси русумидан харид қилиш эса маслаҳат жараёнида», — дейилади вазирлик ахборотида.

Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёровнинг хизмат машинаси Mercedes-Benz`дан Tracker`га ўзгариши кутилмоқда.

Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев 2020 йилдан бери Malibu`дан фойдаланади. У ҳамон мазкур хизмат машинасидан фойдаланишда давом этмоқда.

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов шу вақтгача S Class Mercedes`да юрган бўлса, ҳозир тизимда 3 йил аввал харид қилинган BYD Han автомашинасидан фойдаланяпти. Вазирлик ахборот хизматининг таъкидлашича, ушбу автомобиль 2022 йилда имзоланган «Электромобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор асосида 3 йил олдин сотиб олинган. «Янги Malibu олишга маблағ сарф қилинмади, тизимнинг ичидаги машиналардан оптимизация қилинди», — дейилади вазирлик ахборотида.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов Mercedes-Benz`дан воз кечган. Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, у йиғилишдан анча олдинроқ Malibu`га ўтган.

Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов бир неча йил олдин Malibu`дан фойдаланган. Ўтган йили электромобиль, яъни BYD`да юришга қарор қилган. Президент топшириғидан сўнг у яна Malibu`дан фойдаланишга ўтган.

Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев аввал Toyota Land Cruiser Prado`да хизмат вазифасини бажарган. Ҳозир эса Malibu`дан фойдаланмоқда.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов мазкур лавозимга тайинланганидан буён BYD автомобилидан фойдаланади. Экологияни асраш ва атмосферага камроқ зарар етказиш мақсадида харид қилинган мазкур машина грант маблағлари ҳисобидан олинган.

Тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исламов Mercedes-Benz`дан фойдаланмасликка қарор қилган. Вазирлик ахборот хизматига кўра, у ташкилот паркидаги мавжуд маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган автотранспортдан фойдаланмокда. Автопаркда Malibu ва бошқа маҳаллий автомобиллар мавжуд.

Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов анча йилдан буён Malibu`дан фойдаланмоқда. «Вазирлик тассаруфидаги деярли барча транспорт воситалари маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тегишли», — дейди ИИВ матбуот котиби.

Мудофаа вазири генерал-майор Шуҳрат Ҳолмухамедов йўл танламас Chevrolet TrailBlazer`дан фойдаланади. «Нимага айнан мазкур автомобилдан фойдаланиши сабаби шуки, вазирнинг доимий равишда қўшинларнинг жанговар шайлигини ўрганиш, дала-ўқув майдонларида ўқув машқларида иштирок этиши билан боғлиқ. Chevrolet TrailBlazer тўлиқ ғилдиракли „СУВ“ бўлганлиги учун, аввалдан шу автомобиль танланган», — дейди вазирлик ахборот хизмати.

Қайд этилишича, вазир захира сифатида худди шу хусусиятларга эга бўлган Isuzu D-Max`дан ҳам фойдаланади. Ушбу автомобиль дизель ёқилғида юрганлиги учун жуда қулай йўл танламас ҳисобланади, кўп ҳолларда дала-ўқув майдонлари ва тоғли ҳудудларда шу автомобилдан фойдаланилади. Шунингдек, мудофаа вазирининг барча ўринбосарлари 2015−2017 йилларда ишлаб чиқарилган Captiva хизмат автомашинасидан фойдаланишади.

Президент топшириғига асосан, бош вазир ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров хизмат автомашинаси ҳам Mercedes-Benz 222`дан Malibu 2`га алмаштирилган.

2025 йилда фавқулодда вазиятлар вазири лавозимига тайинланган Ботир Қудратхўжаев Traverse`да юриши маълум қилинди.

Олий суд раиси Бахтиёр Исламов, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев, соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров Malibu`дан фойдаланмоқда. Улар олдин ҳам мазкур хизмат машинасидан фойдаланган.

Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов ҳозирга қадар хизматда Mercedes-Benz русумидаги автомобиллардан фойдаланган бўлса, эндиликда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган BYD электромобилидан вақтинча фойдаланишга ўтган. Қўмита ахборот хизматига кўра, мазкур транспорт воситаси Malibu`га алиштирилиши назарда тутилган.

Адлия вазири Акбар Тошқулов, транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев, Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев, Коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбари Акмал Бурханов ҳам Mercedes-Benz`дан воз кечиб, Malibu`га ўтган.

Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятовга кўра, сенат раиси Танзила Нарбаева ва Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов Chevrolet Tahoe, бош вазир ўринбосарлари Malibu, вилоят ҳокимлари эса Tahoe ёки Traverse автомобиллардан хизмат машинаси сифатида фойдаланмоқда.

Унинг қўшимча қилишича, шу кунгача фойдаланиб келинган автотранспорт воситалари эса босқичма-босқич E-auksion — электрон савдо платформаси орқали сотувга чиқарилади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда «Dunyouzbeklari.Com» вазирлик ва идораларнинг хизмат автомашиналари паркини таҳлил қилиб, мамлакатнинг юқори мартабали амалдорлари қандай автомобиллардан фойдаланишини аниқлаган эди. Ўшанда вазирлар орасида Mercedes-Benz, уларнинг ўринбосарлари орасида эса Malibu ва Captiva энг оммабоп автомобиль бўлиб чиққанди, ҳокимлар энг кўп Toyota автомобилларини афзал кўрган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *