13 март куни Арманистон ва Озарбайжон вакиллари музокараларни якунлаб, тинчлик келишуви матнини келишиб олди.

Report.az нашрининг Озарбайжон ТИВ раҳбари Жайхун Байрамовга таяниб ёзишича, Арманистон Озарбайжон томонининг битимнинг охирги келишилмаган иккита банди бўйича таклифларини қабул қилган.

«Кейинги босқичда Бокунинг кутилмалари шундай — Арманистон ўз конституциясига ўзгартиришлар киритиши керак, унда ҳали ҳам Озарбайжонга ҳудудий даъволар бор», — деди вазир. Ўтган ойда Арманистон бош вазири Пашинян янги конституция бўйича референдум ўтказишга чақирганди.

Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги, ўз навбатида, Озарбайжон билан тинчлик келишуви лойиҳаси якунига етказилгани ва якуний келишувни имзолаш санаси ва жойини муҳокама қилишга тайёрлигини маълум қилди. «Шундай қилиб, тинчлик шартномаси имзоланишга тайёр», — дейилади мамлакат ТИВ хабарида.

Арманистон ва Озарбайжон 1980 йилларнинг охиридан бери, ўша пайтда Озарбайжоннинг асосан арманлар яшайдиган минтақаси бўлган Тоғли Қорабоғ Ереваннинг қўллаб-қувватлаши билан Бокудан ажралиб чиққанидан бери бир қатор урушлар олиб борди.

2023 йил сентябрь ойида Озарбайжон Тоғли Қорабоғни қайтариб олди, бу ҳудуднинг де-факто ўттиз йиллик мустақиллигига чек қўйди ва унинг деярли 100 минг этник арманининг барчасини Арманистонга кетишга ундади.

Ўшандан бери иккала томон ҳам можарони расман тугатиш учун шартнома имзоламоқчи эканликларини айтишган бўлса-да, музокаралар суст кечаётганди ва ривожланиш секинлашганди.

Мамлакатлар расмий дипломатик алоқаларга эга эмас ва уларнинг 1000 км умумий чегараси ёпиқ ва кучли ҳарбийлаштирилган ҳолатда бўлиб қолмоқда.