Ўзбекистон ва Франция фойдали минералларни қазиб олиш бўйича 5 миллион долларлик лойиҳа ишлаб чиқиш тўғрисида доиравий битимни имзолади. Бу ҳақда Тоғ-қон саноати ва геология вазирлиги «Dunyouzbeklari.Com»га маълум қилди.

Ҳужжат Геология вазирлиги ва Франция Геология хизмати (BRGM) ўртасида президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга давлат ташрифи олдидан 11 март куни бўлиб ўтган Ўзбекистон-Франция бизнес форуми доирасида имзоланди.

Томонлар Ўзбекистон ҳудудида муҳим фойдали минераллар, жумладан, фойдали қазилмаларни ўз ичига олган кўмир кулида геологик-техник тадқиқотлар ўтказиш лойиҳасини амалга оширишдан манфаатдорлигини билдирди.

Ўтган йилнинг март ойида Геология вазирлиги ва BRGM ўртасида илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланди, у кадрлар тайёрлаш соҳасида салоҳиятни мустаҳкамлаш, икки томонлама илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва тажриба алмашишга қаратилган.

Хусусан, BRGM Ўзбекистонда миллий геология хизматини ривожлантириш, шунингдек, ерости бойликлари ва улар билан боғлиқ хавфлар тўғрисидаги маълумотларни сақлаш учун тегишли ва самарали рақамли инфратузилмани яратиш учун тажрибаси ва билимларини тақдим этади.